Фазовий қурилма Ҳинд океанига қулади

1972 йил фазога учирилган «Космос-482» космик кемаси атмосфера зич қатламига кириб, Ҳинд океанидаги Ўрта Андаман оролидан 560 километр ғарбга қулагани ҳақида «Роскосмос» агентлиги хабар берди.
Ҳисоб-китобга кўра, сайёралар аро дастур доирасида учирилган 500 килограмм оғирликдаги мазкур станция зиммасига Венеранинг зич атмосфераси, ҳарорати, босими, ёруғлиги ва юзаси таркибини ўрганиш юкланган эди.

Ахборотда қурилмани ҳаракатлантириш мажмуасидаги носозлик сабаб фазо кемаси Ернинг юқори эллиптик орбитасида қолган ва аста-секин сайёрамизга яқинлашиб, сўнг қулаган.
Эслатиб ўтамиз, бир муддат олдин қатор оммавий ахборот воситалари ушбу аппаратнинг ерга қулаши ҳақида ёзган. Ҳатто, айрим манбалар «Космос-482» Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистон ҳудудига қулаб тушиши эҳтимолини иддао қилганди.