Учрашув ёшларга ҳаёт сабоғи бўлди

9 май – «Хотира ва қадрлаш куни» ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан Республика болалар ахборот-кутубхона марказида «Ҳеч ким, ҳеч қачон унутилмайди!» мавзусида мусиқий-маърифий, маданий кеча бўлиб ўтди.
Кечада Афғонистон уруши қатнашчилари, Нукус давлат техника университети талаба-ёшлари, мактаб ўқувчилари, кутубхона ходимлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирни Республика болалар ахборот-кутубхона маркази ходими Баҳаргул Мамбеткаримова очди ва бошқариб борди.
Кечада Афғонистон уруши қатнашчиларидан Мақсет Савқиев, Тошқинбой Бекимбетов, журналист Одилбой Ўразовлар тадбир иштирокчиларини байрам билан табриклаб, уруш йилларида халқимизнинг бошига тушган оғир кунлар, ҳалок бўлган фуқаролар ҳақида кенг тарзда сўзлаб бериб, келажакда ҳеч қачон дунёда уруш бўлмаслигини тилади.
Тадбирда иштирокчилар томонидан кеча меҳмонларига бир қатор саволлар берилиб, уларга жавоблар олинди.
Хўжайли туманидаги 8-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари томонидан тайёрланган концерт дастури эса, кечага ўзгача завқ бағишлади.


– 1987 йилнинг август ойидан 1989 йилнинг 14 февралигача Афғонистонда ҳарбий хизматда бўлдим, – дейди Тошқинбой Бекимбетов. – Ҳарбий хизматда бўлган ҳар бир кун нафақат биз учун, балки ота-она ва қариндош-уруғларимиз учун ҳам ўта таҳликали давр бўлиб, унинг оғир азобини бутун халқимиз бошдан кечирди. Шунинг учун биз кўрган кунларни ёшларимиз ҳеч қачон кўрмасин дейман. Илоҳим, юртимиз тинч, халқимиз фаровон бўлсин!
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги