Ота-боболаримиз жасорати мангу яшайди

568

9 май – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан Қораўзак туманидаги «Мотамсаро она» ёдгорлик майдонида байрам тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирда туман ҳокими Анвар Баймуратов йиғилганларни байрам билан табриклаб, уруш майдонларидан қайтмаган, ушбу тинч замон кунларига етиб кела олмаган азиз инсонларни ёдга олди ва меҳнат фронтида қатнашганларга ғамхўрлик кўрсатиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлади.

Сўнгра иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганларнинг хотираларига кенг жамоатчилик вакиллари томонидан гулчамбарлар қўйилиб, уларга ҳурмат кўрсатилди.

Шунингдек, шу куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 9 май – «Хотира ва қадрлаш» кунини муносиб ўтказиш, Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллиги ва Ватан ҳимояси йўлида мардона курашган фуқароларни улуғлаш мақсадида қабул қилинган қарори асосида, Қораўзак тумани ҳокими Анвар Баймуратов тумандаги фронт ортида меҳнат қилган нуроний оналаримизга юбилей медаллари ва пул мукофотларини тантанали равишда топширди.



Ёши улуғларга кўрсатилаётган бундай юксак эътибор, халқимизнинг юксак маънавиятининг ёрқин ифодасидир.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги