Инсон қадри улуғланган юрт
Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини мувофиқлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ҳамда 2023 йил 1 июлдан бошлаб шаҳар ва туманларда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ташкил этилди.
Мазкур агентлик фаолиятини ташкил этиш ҳамда ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатиш тизимини ривожлантириш бўйича 2023 — 2025 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Хўжайли тумани ҳокимлиги ахборот хизмати томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун “Инсон” ижтимоий хизматлар марказига пресс-тур ташкил этилди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, давлат томонидан фуқароларга ижтимоий хизмат кўрсатиш кўлами ва турларини кенгайтириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ижтимоий дастурларни молиялаштириш харажатлари ЯИМ га нисбатан 2 бараварга ошиб, кам таъминланган нафақа олувчи оилалар қамрови 5 баробарга кўпайди. Ногиронлиги бўлган шахслар ва болаларнинг парвариши билан банд бўлганлар учун янги нафақа турлари жорий этилди.
Янги таҳрирдаги Конституцияда ҳам меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд бошқа тоифаларининг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида эканлиги алоҳида норма сифатида белгилаб қўйилди. Президентимизнинг 2023 йил 1 июндаги “Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан давлат томонидан аҳолини манзилли ҳимоя қилишнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди. Жумладан, комплекс ёндашув асосида профессионал ижтимоий ҳимоя тизимини жорий қилиш, ижтимоий ҳимоя тизими самарадорлигини ошириш орқали аҳолининг ёрдамга муҳтож қатлами ижтимоийлашувини таъминлаш ҳамда ижтимоий ҳимояни маҳалла даражасигача ташкил этиш, оғир аҳволга тушиб қолган аҳолига индивидуал ёндашувга мувофиқ ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатишни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилади.
–Асосий вазифалардан бири оғир вазиятга тушиб қолган фуқаролар билан манзилли ишлаш, уларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш, жамиятга ижтимоийлашувини таъминлаш орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли сонини камайтириш, аҳолини ўзи яшаётган муҳитдан ажратмаслик, ижтимоий хизмат ва ижтимоий ёрдамнинг барқарор бўлишини таъминлаш орқали уларнинг ҳуқуқларини доимий кафолатлашдир. Ушбу вазифаларни амалга ошириш учун кейс-менежмент усулини қўллаган ҳолда самарали иш ташкил қилиш, улардан ижтимоий хизматлар ва ёрдам олиш бўйича буюртмалар қабул қилиш, заруратга қараб буюртмаларни масъул вазирлик ва идораларга юбориш, оғир аҳволга тушган ва тушиб қолиш хавфи юқори бўлган оилаларни мунтазам равишда мониторинг қилиб бориш керак. Шу боис ҳар бир хонадон аҳволини ўрганиб, оилалардаги ҳақиқий ҳолатни ҳамда уларнинг ижтимоий хизматлар, ёрдамга бўлган эҳтиёжини аниқлаш, оилаларнинг иқтисодий-ижтимоий ҳолати ва эҳтиёжларини ўрганиш натижасида ижтимоий паспортлар шакллантирилди,–дейди Хўжайли тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази директори Замира Балтамуратова.
Бугунги кунда туманда жами 25 минг 504 та хонадон, 32 минг 165 та оила мавжуд. Аҳоли сони эса 129 минг 416 нафарни ташкил қилмоқда. Ўрганиш натижасига кўра, туманда жами 10 минг 811 та оила ижтимоий хизмат ва ёрдамга муҳтожлиги аниқланди. Ушбу оилаларга кейс менежмент усули орқали ижтимоий ходимлар бириктирилди ва марказ томонидан ижтимоий хизматлар ҳамда ёрдам кўрсатиш режаси ишлаб чиқилди.
2025 йил 1-чораги давомида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 14 октябрдаги “Аҳолининг ижтимоий ҳимоя олиш ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда давлат ижтимоий ёрдами ва хизматларини кўрсатишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бўйича “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ва ижтимоий ходимлар томонидан тумандаги 12 тоифадаги аҳоли қатламига 103 та турдаги ижтимоий хизмат кўрсатилиб келинмоқда. Шунингдек, “Инсон” маркази операторлари томонидан шу кунга қадар жами 5 минг 331 та ариза қабул қилиниб, шуларнинг 4 минг 167 тасига хизмат кўрсатилди. Бундан ташқари, шу кунга қадар жами 298 та “Кейс” (ижтимоий иш) очилиб, белгиланган тартибда жами 1 минг 192 та хизмат режаси ишлаб чиқилди. Жумладан, 24 та хизмат “Инсон” маркази томонидан, 1 минг 168 таси ижтимоий ходимлар томонидан кўрсатиладиган хизматлардир. Бугунги кунда 1 минг 54 та хизмат тўлиқ кўрсатилиб бўлинди.
Кам таъминланган, ногиронлиги бўлган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож 128 нафар фуқарога “Саховат ва кўмак” жамғармасидан 152 миллион 835 минг сўмлик ёрдам кўрсатилди. Марказ томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 27 декабрдаги “Ўзгалар парваришига муҳтож кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 11 мартдаги “Ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарорига асосан, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи кекса ҳамда ногиронлиги бўлган 103 нафар шахс “Ёлғиз кекса” реестрига киритилди. Уларга 15 нафар ижтимоий ходим ассистенти бириктирилган бўлиб, улар кексаларнинг уйида ижтимоий-маиший хизмат кўрсатиб келмоқда. 12 нафар фуқарога пуллик ижтимоий-маиший хизмат кўрсатилди. 75 нафар пенсия ёшидаги нуронийлар ва ногиронлиги бўлган шахсларга Агентлик тизимидаги санаторийларга йўлланма берилди.
Туманда тазйиқ ва зўравонлик бўйича 102 қисқа телефон рақами орқали 70 та, “Инсон” маркази орқали 6 та мурожаат келиб тушган. Шундан 46 нафарига ижтимоий, 40 нафарига психологик хизмат, 6 нафарига ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди. Туман тиббиёт бирлашмасида жойлашган Бирламчи кўмак хонасига 5 нафар аёл ва уларнинг 4 нафар вояга етмаган фарзанди жойлаштирилди. Йил давомида 1 нафар аёл 1 нафар вояга етмаган фарзанди билан Реабилитация марказига юборилди.
Туманда 2025 йил 1 апрель ҳолатига жами 4 минг 49 нафар ногиронлиги бўлган шахс мавжуд бўлиб, шундан 461 нафари 1-гуруҳ, 2 минг 785 нафари 2-гуруҳ, 115 нафари 3-гуруҳ ҳамда 688 нафари эса болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларни ташкил қилади. Жорий йилнинг шу кунига қадар 10 нафар фуқарога электрда ҳаракатланадиган аравача, 41 нафар фуқарога қўлда бошқариладиган кресло аравача, 17 нафар фуқарога эшитиш мосламаси, 24 нафар фуқарога ҳасса, 14 нафар фуқарога қўлтиқ таёқ (жуфт), 19 нафар фуқарога тирсакли қўлтиқ таёқ (дона), 23 нафар фуқарога кўзи ожизлар ҳассаси, 7 нафар фуқарога юриш мосламаси ходунок, 1 нафар фуқарога пешоб қабул қилгич, 31 нафар фуқарога протез ортопедик маҳсулот топширилди. 58 нафар ногиронлиги бўлган шахслар Реабилитация марказида даволаниб чиқишди. 2025 йилнинг январь-март ойлари давомида Хўжайли тиббий-ижтимоий экспертиза комиссияси меҳнатга лаёқатлилик тавсияси берилган фуқаролардан жами 81 нафар ногиронлиги бўлган шахснинг бандлигини таъминлашга кўмаклашилди. Бугунги кунга келиб 31 нафар ногиронлиги бўлган шахс параспорт билан шуғулланиб келмоқда.“Беш ташаббус паралимпиадаси”да тумандан 112 нафар ногиронлиги бўлган шахс рўйхатдан ўтган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 30 мартдаги “Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги муҳтож оилаларга бир марта бериладиган моддий ёрдамни тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори асосида оғир аҳволдаги доимий даволанишга муҳтож бўлган 326 нафар фуқарога жами 151 миллион 673 минг сўм бир марталик моддий ёрдам берилди. Январь-февраль ойлари давомида ота-оналари чет давлатларга (миграция) га чиқиб кетган оилалар тўлиқ ўрганиб чиқилди. Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш шуъбаси томонидан етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ва ота-онаси олти ойдан ортиқ яшаш жойида бўлмаган, вояга етмаган 66 нафар бола аниқланиб, шундан 47 нафарига васий ва 19 нафарига ҳомий тайинланди. Туманда қаровсиз ва назоратсиз вояга етмаганларга жами васий ва ҳомий тайинлашни 400 нафарга етказиш режалаштирилган. Бундан ташқари, 6 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болани уй-жой билан таъминлаш, 2025-2026 ўқув йилида 11 нафарини олий таълим муассасаларига квота асосида ўқишга киритиш режалаштирилган.
Пресс-тур давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари Хўжайли тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасига қарашли “Жайҳун” овул фуқаролар йиғинида жойлашган 17-сонли кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти фаолияти билан танишди ва ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари