Қорақалпоқ адабиётининг икки йирик вакили

Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибройим Юсупов ҳамда Ўзбекистон Қаҳрамони, Қорақалпоғистон ва Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тўлепберген Қайипбергенов таваллудининг 96 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларни миллий адабиётимизнинг забардаст намоёндалари ҳаёти ва ижоди билан яқиндан таништириш мақсадида ташкил этилган тадбир давомида мазкур икки улуғ адиб – қорақалпоқ адабиётининг дурдона вакиллари, миллий сўз санъатининг устозлари бўлган ижодкорларнинг ҳаёти, бой мероси ва адабий-маданий фаолияти ҳақида сўз юритилди.

Сўзга чиққанлар халқимизнинг бебаҳо маънавий мулкига айланган адиблар ижоди бугунги ёш авлод учун ибрат мактаби бўлиб хизмат қилишини таъкидлади. Шунингдек, адиблар билан боғлиқ хотиралар, уларнинг ҳаётий қарашлари, шеъриятдаги ўзига хос услуби ва халқ қалбидан жой олган асарлари ҳақида самимий фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Талаба-ёшлар томонидан Ибройим Юсупов шеърлари ёддан ўқилди ва Тўлепберген Қайипбергенов асарлари бўйича саҳна кўринишлари намойиш қилинди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири