Миллий Олимпия қўмитасининг ҳудудий бўлимлар фаолиятини йўлга қўйишда қайси давлат тажрибаси қўлланилади?
Мамлакатимизда Олимпия ҳаракатини янги босқичга олиб чиқишда ҳудудларда амалга ошириладиган ишларнинг ўрни беқиёс.
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Миллий Олимпия қўмитаси раиси Шавкат Мирзиёев бошчилигида 13 февраль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида соҳада қилиниши керак бўлган бир қатор муҳим вазифалар белгилаб берилган эди.
Мазкур вазифалар ижросида самарадорликка эришиш мақсадида Миллий Олимпия қўмитаси ҳузурида ҳудудий бўлимлар фаолияти йўлга қўйилмоқда. Спорт вазирлиги ва Миллий олимпия қўмитаси раҳбарлари иштирокида ҳудудий бўлим вакиллари билан ўтказилган учрашувда ҳудудларда Олимпия ҳаракатини ривожлантиришга доир устувор вазифалар, уларнинг ижроси ва инфратузилмавий муаммолар кўриб чиқилди.

Муҳокамалар жараёнида ҳудудлар фаолиятини кучайтиришда АҚШ, Хитой, Япония каби дунёнинг етакчи давлатларининг илғор тажрибасини ўрганиш, таҳлил этиш асосида аниқ дастурларни амалга ошириш лозимлиги таъкидланди.
Иқтидорли ёшларга ўз қобилиятларини намоён этиш учун имконият яратиш муҳим эканлигини англаган ҳолда энг аввало, мураббий ва мутахассисларнинг билим ва тажрибасини ошириш, уларда ўз ишига бўлган талабчанликни шакллантириш соҳа ривожига хизмат қилиши билдирилди.
Самимий кечган мулоқот давомида мутахассислар ўз ҳудудида спорт инфратузилмасининг бугунги ҳолати, режа ва мақсадлар индекси хусусида тўхталди.
Ҳар бир ҳудудий бўлимнинг ишини самарали ташкил этишда муаммо ва камчиликларни чуқур таҳлил қилиш механизмларини ишлаб чиқиш лозимлиги айтиб ўтилди.
Т.Рўзиев, ЎзА