Тўрткўллик артиллериячининг Полшадаги жасорати унутилмайди

1921 йили туғилган Ефим Петрович Беспалов урушгача Тўрткўл шаҳри коммунал хўжалиги бўлими бошлиғи бўлиб ишлайди.
1942 йили армия сафига чақирилган у 2-Беларус фронтининг 49-армияси 364-ўқчи полкида 45-мм тўп (пушка) нинг тўпчиси бўлиб жангларда қатнашади.
Унга 3-даражали «Шон-шараф» ордени 1944 йилнинг 15 июлида Гродненский вилояти Погорани қишлоғи ёнида бўлган жангда аниқ мўлжалланган ўқлари билан душманнинг артиллерия кузатув пункти, пулемёт нуқтаси, БТР ва «Фердинанд» отлиқ қуролини йўқ қилгани учун берилади.
2-даражали «Шон-шараф» ордени эса 1944 йилнинг 10-12 август кунлари Полшанинг Осовеc шаҳри яқинидаги жангда душманнинг 2 та БТР, 2 та юк ортилган автомобили, штурм қуроли, 10 дан ортиқ душман аскарлари ва 6 та пулемёт нуқталарини йўқ қилгани учун берилади.
Шунингдек, катта сержант Ефим Беспалов Польшанинг Черск шаҳри ҳудудида бўлган жангда ҳам жасорат кўрсатиб, пиёда жангчилар сафида 4 та пулемёт нуқтасини йўқ қилади ва бунинг учун 1946 йилнинг 15 май санасида 1-даражали «Шон-шараф» ордени билан тақдирланади.
Шу билан бирга бизнинг юртдошимиз 1944 йили «Жасурлиги учун» «Жанговар хизматлари учун» медаллари ва «Намунали артиллериячи» кўкрак нишони билан ҳам тақдирланиб, уруш тугагандан сўнг Саратов шаҳрида яшаб меҳнат қилади.
Матбуот материаллари асосида тайёрлаган: Адилбай Оразов
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги