35 йилдан сўнг «Шон-шараф» орденининг тўлақонли кавалерига айланган қораўзаклик сержант

250

Совет Иттифоқи Қаҳрамонига тенг ҳисобланадиган «Шон-шараф» орденининг тўлиқ кавалери Тилеумурат Утемуратов 1925 йили Қораўзак туманида деҳқон оиласида туғилди ва мактабда тўлиқсиз ўрта маълумот олгандан сўнг колхозда ишлади.

1943 йили 18 ёшга тўлган уни ҳарбий комиссариат урушга қатнашиш учун армия сафига чақиради. Ғарбий фронтда жангларга кирган Тилеумурот Утемуратов оғир жароҳат олиб, 3 ой давомида госпиталда даволанади.

Сўнгра у яна жанг майдонига қайтиб келиб, 3-Беларус фронти 5-армияси 97-ўқчи дивизиясининг 136-полкида сапёр сифатида қатнашиб, ҳали ёш бўлишига қарамай қонли жангларда ўзининг жасорати ва мардлигини намоён этди.

Хусусан, оддий аскар Утемуратов ўз қуролдошлари билан 3 та сол қуриб, Беларус ҳудудидаги Березина дарёсини кечиб ўтиб, фашистлар томонидан аскарларимизга тузоқ сифатида қўйилган 78 та минани зарарсизлантиради ва жангчиларга хавфсиз икки сўқмоқ очиб беради. Сўнгра у ўз ишини давом эттириб, дарё бўйида душманнинг яна 30 та минасини зарарсизлантиришга эришади.

Тилеумурот Утемуратовнинг бу жасорати ҳарбий қўмондонлар томонидан муносиб баҳоланиб, у 1944 йилнинг 13 сентябрида 3-даражали «Шон-шараф» ордени билан тақдирланди.

1945 йилнинг 30 январь куни Полшанинг Калештейн аҳоли пункти бўлган жангда эса бизнинг мард юртдошимиз Тилеумурат Утемуратов 21 душман аскарларини йўқ қилишга эришди ва бу хизматлари учун у СССР Олий Совети Президиумининг 1945 йил 26 февралдаги Фармони билан яна бир марта 3-даражали Шуҳрат ордени билан тақдирланишга муяссар бўлади. Бу Тилеумуротнинг командирларининг мукофотга тақдим этилган ҳужжатларни тайёрлаш жараёнида йўл қўйган хатоси эди. Сабаби, унинг картотекасида илгари мукофотланмаган деган ёзув турган ва шунинг учун у 3-даражали «Шон-шараф» ордени билан иккинчи марта мукофотланади.

Шунингдек, у «Мардлиги учун» медали билан ҳам тақдирланишга муваффақ бўлади.

1950 йили ҳарбий хизматдан бўшаган у Қораўзак туманида яшаб меҳнат қилади.

1982 йилнинг 22 январь куни Тилеумурат Утемуратовнинг ҳужжатларида йўл қўйилган хато-камчилик тузатилиб, унга 1-даражали «Шон-Шараф» ордени топширилади ва шу тариқа у «Шон-Шараф»  орденининг тўлақонли кавалерига айланади.

Халқимизнинг фахрига айланган мард ва қаҳрамон жангчиларимиздан бири Тилеумурат Утемуратов Қораўзак туманида 2005 йилнинг 16 октябрь куни вафот этади.

Матбуот материаллари асосида тайёрлаган:

 Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси