Ичимлик сув линиясини тортиш қизғин давом этмоқда
Аввал хабар берилганидек, 2024 йил 29 октябрь куни Мўйноққа янги ичимлик суви линиясини тортиш ишларига старт берилган эди.
Янги сув линияси 5 минг куб метр сув етказиш ва 1300 дан зиёд хонадонни тоза ичимлик суви билан таъминлаш имкониятига эга.
Лойиҳа Осиё тараққиёт банки ҳисобидан молиялаштирилиб, лойиҳа қиймати 8,21 млн. доллардан иборат.
Лойиҳа асосида Мўйноқ туманидаги Қизилжар ҚФЙнинг «Алий» қишлоғи, Ҳаким ота ҚФЙнинг «Дўстлик» қишлоғи, Мадели ҚФЙнинг «Шеге» қишлоғи, Бўзатов ҚФЙнинг «Амударё,» «Қипчоқдарё», «Таллиқ» қишлоқлари, Учсой ҚФЙнинг «Учсой», «Тўқпоқ ота» қишлоқларига ва туман марказидаги маҳалла фуқаролар йиғинларининг ҳудудларига «Туя бўйин» сув омборидан ичимлик суви етиб боради.







Ҳозир ишлар Мўйноқ туманининг барча қишлоқ фуқаролар йиғинларида олиб борилаётган бўлиб, яқин кунлар ичида туман марказида ҳам ишлар давом эттирилиши кутилмоқда.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги