Нукусда отлиқлар паради ўтказилди

«9 май – Хотира ва қадрлаш куни» муносабати билан Нукус шаҳрида Миллий гвардиянинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси отлиқ кавалерияси ва Қорақалпоғистон чавандозлар мактаби тарбияланувчилари иштирокида отлиқлар паради ўтказилди.
Тантанали парадни томоша қилишга республикамиз ёшлари ва кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 5 августдаги 5211-сонли қарори асосида юртимизнинг бошқа ҳудудларида бўлгани каби бизнинг республикамизда ҳам от спорти ривожланиб бормоқда, – дейди Қорақалпоғистон чавандозлар мактаби директори Ринат Жолдасов. Уларга 2 нафар тажрибали мураббий таълим-тарбия бермоқда. Улар мамлакатимизда ўтказиб келинаётган турли мусобақаларда иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда. Жумладан, 2024 йилнинг декабрь ойида Наманган вилоятида улоқ-кўпкари спорти бўйича ўтказилган Ўзбекистон кубогида кумуш медални қўлга киритди. Жамоамиз аъзоларидан Отабек Бозорбоев ва Ўразан Жумабоевлар мамлакатимиз терма жамоаси таркибига қабул қилиниб, улар жорий йилнинг март ойида ўтказилган халқаро турнирда 1-2-ўринларни эгаллашга муваффақ бўлди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 3 мартдаги «Умумхалқ байрамлари ва саиллар доирасида отлиқлар иштирокида парадларни ўтказишга тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида»ги йиғилиш баённомасида умумхалқ байрамлари ва саилларда отлиқлар парадини ўтказиш белгиланган эди. Ушбу топшириқни бажариш мақсадида, бугунги байрамда мактабимиз тарбияланувчилари Миллий гвардия Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасининг отлиқ кавалерияси билан биргаликда отлиқлар парадида иштирок этди ва ўз маҳоратларини намойиш этди. Биз бундан жуда хурсандмиз ва келгусида ҳам халқимизга ўз санъатларимизни намойиш этиб борамиз.






Отлиқлар парадини томоша қилишга келган иштирокчилар “9-май-Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан «Мотамсаро она» ёдгорлигига ҳам ҳурмат бажо келтириб зиёрат қилди.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси