5 нафар битирувчининг бандлиги таъминланди

Кўпчиликка маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида ёшларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши ва бандлигини таъминлаш борасида кўплаб ижобий ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Нукус филиалида битирувчи курс талабаларини доимий иш ўринлари билан бандлигини таъминлаш мақсадида, «Бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси» ташкил этилди. Унда республикамиздаги 80 та муассаса, корхона ва ташкилотлар 112 та бўш иш ўрни билан иштирок этди.
Ярмаркада Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги бўлим бошлиғи Саламат Эримбетов ва Ўзбекистон Миллий банки Қорақалпоғистон филиали мутахассиси Наврўз Ибраимовлар тадбир иштирокчиларига муассаса, корхона ва ташкилотларда мавжуд иш ўринлари ҳақида маълумотлар бериб ўтди.


– Ёшлар бандлигини таъминлаш, айниқса, талаба-ёшларни касб-ҳунар эгаллашга йўналтириш, ишга жойлаштириш мақсадида ташкил этилган мазкур меҳнат ярмаркасида талаба-ёшлар ўз мутахассисликлари бўйича бўш иш ўринлари билан танишиш имкониятига эга бўлди, – дейди Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Нукус филиали Талабалар амалиёти бўлими бош мутахассиси Марҳабо Уразбаева.-Жумладан, ўтказилган ярмаркада 3 та битирувчи билан иш берувчилар ўртасида ўзаро шартнома тўзилиб, 2 тасига махсус йўлланмалар берилди. Келгусида ҳам битирувчиларимизни доимий иш ўринлари билан таъминлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар олиб борилади.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.