Кегейли туманини ҳар томонлама ривожлантиришга эътибор қаратилмоқда

261

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев халқнинг фаровон турмушини таъминлаш, фуқароларнинг даромад олишига кўмаклашиш йўналишида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Кегейли туманида бўлди.

Дастлаб Жўқорғи Кенгес Раиси тумандаги пиллакорлар томонидан пилла етиштириш бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишди.

Шундан сўнг Ободонлаштириш бошқармасининг кўчатхонасида манзарали ва мевали дарахт кўчатларини етиштириш бўйича ишлар кўриб чиқилди. Камчиликлар қайд этилиб, бу борадаги ишларни самарали ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди.

Шу билан бирга, республикамиз раҳбари тумандаги «LANKO MIYA» қўшма корхонасининг янги йирик ҳажмли мебель учун махсус маҳсулотлар ишлаб чиқариш лойиҳаси билан яқиндан танишиб, корхона раҳбарларининг ишларни янада жадаллаштиришда учраётган муаммолари тингланиб, шу ернинг ўзида уларни ижобий ҳал этиш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев Кегейли тумани «Оқтуба» овул фуқаролар йиғини ҳудудида қад ростлаган «Янги Ўзбекистон» массиви ҳудудида қурилаётган кўп қаватли бинолар қурилишининг боришини ҳам кўздан кечирди. Мутасаддиларга қурилиш ишларини жадаллаштириш, шунингдек, сифатли қилиб бажарилишини таъминлаш бўйича кўрсатмалар берди.

Тадбиркорлик даври талаби, буни яхши тушунган республикамиз раҳбари Кегейли туманида тадбиркорларга яратилган шароитлар билан танишиш учун, Нурли бўстон МФЙ ҳудудида жойлашган аҳолига маиший хизмат кўрсатиш маркази, «Кегейли мебель» МЧЖнинг мебель ишлаб чиқариш корхонаси, «Миллий кийимлар» савдо ўрнининг тикув цехларини кўздан кечириб, юртимизда тадбиркорлар доимо қўллаб-қувватланиши таъкидланди.




Шу билан бир қаторда, А.Оринбаев Жилвон жап МФЙ ҳудудида уй олди томорқасидан самарали фойдаланаётган Рима Бозорбоеванинг иссиқхонасидаги ишларни бориб кўрди. Унинг озгина ердан мўл ҳосил олишга қаратилган ташаббуси кўпчиликка намуна бўлиши кераклиги таъкидланиб, қўшимча иссиқхонасини кенгайтириш учун 10 млн. сўм маблағ ажратиш бўйича масъулларга топшириқ берилди.

Шундан сўнг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев Кегейли туманининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Унда дастлаб амалга оширилаётган ишлар бўйича ўрганишлар натижалари, тумандаги инвестиция лойиҳалари, ўзини-ўзи банд қилган фуқароларнинг оилаларида амалга оширилаётган ишлар таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, ободонлаштириш ишлари ва иқтисодий кўрсаткичлар чуқур таҳлил қилиниб, йўлларни таъмирлаш, ижтимоий объектларни қуриш ва реконструкция қилиш ишлари бўйича мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш чоралари кўриб чиқилди.


Йиғилишда республикамиз раҳбари томонидан қайд этилган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли ташкилот ва мутасаддиларга аниқ вазифалар белгилаб олинди. Бундан ташқари, ўз вазифасини бажаришда қатор камчиликларга йўл қўйган айрим муассаса раҳбарларига интизомий жазо чораси қўллаш, зарур бўлса лавозимига лойиқлиги масаласини ўрганиб чиқиш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги