Ўзбекистонликлар физика бўйича Осиё олимпиадасида

174

Саудия Арабистони Даҳрон шаҳридаги Қирол Фаҳд нефть ва минераллар университетида 25-Осиё Физика Олимпиадаси бошланди. 4-12 май кунлари бўлиб ўтадиган мазкур йирик тадбир “Келажак энергиясини бирга яратамиз” шиори остида 30 давлат, 240 талаба, 100 дан зиёд халқаро экспертни бирлаштирди. Ислом ҳамкорлик ташкилоти ахборот агентликлари иттифоқи (UNA-OIC) маълум қилишича, анжуман бош котиби вазифасини бажарувчи доктор Холид Аш-Шариф Олимпиада ёшларнинг ақл-заковати, билими ва чексиз салоҳиятини тараннум этувчи улкан майдон эканини таъкидлади.

Айни нуфузли тадбирга мезбонлик қилиш Подшоҳликнинг энергетика соҳасидаги етакчи мавқеидан келиб чиқиб, инсониятга сармоя киритиш, келажакнинг ҳақиқий бойлигини ифодаловчи ёшларни қўллаб-қувватлашга нисбатан ёндашувнинг ифодаси сифатида намоён бўлди.

Дунёнинг турли бурчакларидан Саудияга келган ўқувчилар Халқаро Олимпия Кенгаши томонидан ишлаб чиқилган ва баҳоланган, қатъий илмий стандартга мос, ҳар бири беш соатдан иборат икки асосий – назарий ва амалий имтиҳон топширади. Дастурдан ўқув саёҳати, маданий ва кўнгил очар тадбирлар ҳам ўрин олган.

Аҳамиятлиси, ер юзининг энг иқтидорли ўғил-қизлари сафидан ўрин олган мамлакатимиз вакиллари ҳам дунё ёшлари билан мулоқот қилиш, маданий алмашинувни ривожлантиришга хизмат қилувчи кенг қамровли таълим тажрибасини ўзлаштириш имконидан фойдаланишади.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА