Кибержиноятга қарши курашда муҳим қадам

317

Муносабат

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ахборот технологиялари ёрдамида содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш фаолиятини янада кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори имзоланди.

Қарор билан кибержиноятларнинг барвақт олдини олиш ҳамда уларни фош этиш самарадорлигини ошириш бўйича амалдаги қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш ва қатор ташкилий-техник чораларни кўриш белгиланди.

Пурви ПОКХАРИВАЛ, Ҳиндистон  Миллий криминалистика фанлари университети директори, профессор:

–Ўзбекистон Республикаси Президентининг ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилаётган жиноятларнинг олдини олиш бўйича ишлар самарадорлигини оширишга оид қарори мамлакат фуқароларини кибер таҳдидлардан ҳимоя қилиш учун ўз вақтида қабул қилинган муҳим ҳужжатдир.

Чунки дунёда кибержиноятчиликнинг ўсиш тенденцияси кузатилаётган даврда Ўзбекистонда ҳам комплекс чора-тадбирлар қабул қилиш зарурати туғилган эди.

Менда энг кўп таассурот қолдирган нарса, қарор билан банклар ва тўлов ташкилотларининг банк ҳисобларидаги мижозлар активларини ҳимоя қилиш бўйича масъулиятини ошириш юзасидан ташкилий-техник чоралар белгиланганлигидир. Менимча, бу мақсадли чора-тадбирлар кибержиноятчиликнинг эрта олдини олишда кўплаб мамлакатлар учун намуна бўлиб хизмат қилади.

Чжан ИН, Пекин хавфсизлик индустрияси уюшмаси раиси:

–Марказий Осиё давлатларида кенг кўламли рақамли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Суръатлар ҳар-хил бўлишига қарамасдан, бу фуқаролар ва иқтисодиёт учун янги имкониятлар очмоқда. Бироқ, шу билан бирга, киберхафлар билан боғлиқ хатарлар ҳам ошиб бормоқда.

Ўзбекистонда Хитой ва минтақанинг бошқа давлатлари каби сўнгги беш йил ичида интернет орқали содир этилган жиноятлар сони ўн баробардан зиёд ошгани кузатилмоқда. Шу боис Президент Шавкат Мирзиёевнинг кибержиноятчиликка қарши курашни давлат сиёсати даражасига олиб чиқиш ва ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш бўйича яқинда қабул қилган қарори муҳим қадам бўлди.

Аҳолининг рақамли саводхонлигини оширишга қаратилган тизим жорий этилиши алоҳида аҳамият касб этади. Бу келажакда фуқароларни янги турдаги кибержиноятлардан ҳимоя қилишнинг энг самарали усулларидан бири ҳисобланади.

Аллан ФАН (инвестор, Хитой) “St. Wonderful International Group Limited”  вакили:

–Таъкидлаш жоизки, кибержиноятчиликка қарши кураш бўйича қабул қилинган мазкур қарор мамлакатнинг инвестициявий ва туристик салоҳиятига ижобий таъсир қилади.

Тинчлик ва осойишталик иқтисодий барқарорликнинг асосидир.  Президент Шавкат Мирзиёев саъй-ҳаракати билан Ўзбекистонда яратилган тинчлик ва барқарорлик ички ва хорижий инвестицияларни жалб этишда алоҳида ўрин тутади. Сабаби, инвесторлар доим ўз капиталини барқарор, бизнес ривожланиши учун қулай шароитлар яратилган ҳудудларга йўналтиришни афзал кўради. Бу эса, ўз навбатида, иқтисодиётнинг ўсишини таъминлайди.

Давид МЕЛИКИДЗЕ,  “Uzcard” компанияси директори:

–Президент Шавкат Мирзиёев томонидан кибержиноятчиликка қарши курашни кучайтириш бўйича қабул қилинган ушбу қарор соҳадаги чуқур ислоҳотлар йўлида навбатдаги қадам бўлди.

Биз тўлов тизими оператори сифатида ушбу ташаббусларни қўллаб-қувватлаймиз ва бу йўналишдаги ишларда фаол иштирок этяпмиз. Жумладан, Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда 13 май кунидан Фарғона водийсида рақамли саводхонликни ошириш бўйича кенг кўламли кампанияни бошлаяпмиз.

Шунингдек, аҳолининг хабардорлигини ошириш бўйича Марказий банк билан биргаликда молиявий маҳсулотларни англаш ва улардан хавфсиз фойдаланишни таъминлашга қаратилган лойиҳани амалга оширяпмиз.

Ишончим комилки, давлат, бизнес ва фуқаролик жамиятининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари замонавий таҳдидларга бардош бера оладиган мустаҳкам рақамли инфратузилмани яратишда муҳим омил бўлади.

Сандро Ртвеладзе  “Ипотека-банк” бошқаруви раиси:

– Ўзбекистон Президентининг кибержиноятчиликка қарши курашиш бўйича қарорини қўллаб-қувватлаймиз.

Киберхавфсизлик замонавий жамият олдида турган асосий вазифалардан биридир. Барча давлат органлари, банклар, операторлар ва тўлов тизимларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш орқали кибержиноятларнинг олдини олиш ва аҳолининг рақамли саводхонлигини ошириш мумкин.

Биз ҳар йили бир ойни “Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги” сифатида ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлаймиз. Бу кибержиноятларнинг олдини олишга хизмат қилади. Шунингдек, ахборот кампанияларини, шу жумладан, мақсадли онлайн реклама орқали кучайтириш муҳим, деб ҳисоблаймиз. Апрель ойида “Ипотека-банк ИИВ, Марказий банк ва ТВС билан ҳамкорликда ушбу йўналишда кенг кўламли реклама кампаниясини бошлади.

Болалар ва ота-оналарни рақамли маконда ҳимоя қилиш ташаббусини муҳим, деб ҳисоблаймиз. Вояга етмаган шахслар учун банк ҳисобларини очиш бўйича аниқроқ қоидалар жорий этиш ва ота-оналарни хавф-хатарлар, шу жумладан, болаларни «дроп» схемаларида ишлатиш каби ҳолатлар ҳақида хабардор қилиш ғоясини қўллаб-қувватлаймиз. Шу мақсадда банк иловаларига антивирус ҳимояси ва махсус фильтрлар ўрнатишга тайёрмиз.

Ўзбекистоннинг Кибержиноятлар бўйича Будапешт конвенциясига қўшилиш ташаббусини қўллаб-қувватлаймиз. Бу рақамли далиллар алмашинувининг халқаро каналларидан фойдаланиш имконини бериб, трансчегаравий фирибгарликни тергов қилишни тезлаштиради. Шунингдек, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ҳузурида Рақамли терговлар марказини ташкил этиш ғоясини қўллаб-қувватлаймиз. “Ипотека-банк” ўз тажрибаси билан ўртоқлашиш, шу жумладан, академияга шахсий маълумотсиз транзакциялар, аниқланган фирибгарлик ҳолатлари ва машинали скоринг тажрибасини тақдим этишга тайёр.

“Ипотека-банк” кибержиноятчиликка қарши курашиш соҳасида фаол иш олиб боради. Шу мақсадда банклар, финтех компаниялар ва мобиль операторларни бир майдонга жамлаймиз. Бундан кўзланган мақсад – энг яхши амалиётларни тақдим этиш, тажриба алмашиш ва кибер таҳдидларга қарши самарали ечимларни биргаликда излаш.

ЎзА