Асарлари эл ичра мангу

Мамлакатимиз бўйлаб Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Ибройим Юсупов таваллудининг 96 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда.

Нукус шаҳридаги И.Юсупов ижод мактабида, Чимбой туманидаги “Тағжап” овул фуқаролар йиғинида жойлашган уй музейида,  Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг Чимбой факультетида ҳам шоир таваллуди муносабати билан тадбирлар бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси К.Каримов, “Амударё” журнали бош муҳаррири, Қорақалпоғистон халқ шоири Х.Даўлетназаров ва бошқалар шоир ҳаёти ва ижодига тўхталди.

Ибройим Юсупов 1929 йили Чимбой туманининг Озод қишлоғида таваллуд топди. Болалигида Қорақалпоқ халқ оғзаки ижоди намуналарини, Шарқ адабиётлари ҳамда мумтоз адабиётимиз намояндаларини, талабалик йилларида эса рус ва жаҳон адабиёти дурдоналари билан яқиндан танишиб, уларнинг асарларидаги бадиият сирларини қунт билан ўрганди.

Шоирнинг шу “Бахт лирикаси”, “Кунчиқар йўловчисига”, “Ўйлар”, “Етти наво”, “Дала орзулари”, “Кўнгил кўнгилдан сув ичар”, “Тўмарис”, “Илҳом”, “Ташвишларга бой дунё”, “Тузли шамоллар”, “Кўнгилдаги кенг дунё”, “Беклигингни бузма сен…”, “Ҳар кимнинг ўз замони бор” каби шеърий тўпламлари нашр этилди.

Унинг икки жилдлик “Танланган асарлар” тўпламлари икки маротаба 1978 – 1979 ва 1992 йилларда нашр қилинган. Турли йилларда чоп этилган тўпламларда шоирнинг “Ўртоқ муаллим”, “Акация гуллаган ерда”, “Актрисанинг иқболи”, “Гиламчи аёл”, “Эски фаввора эртаги”, “Дала армонлари”, “Тўмарис”, “Булбул уяси”, “Фаришта ой”, “Посейдоннинг ғазаби”, “Ватан тупроғи” ва бошқа достон(поэма)лари эълон қилинди. Унинг асарлари рус, грузин, қозоқ, қирғиз, латиш каби кўплаб хорижий тилларга таржима қилинди.

Тадбирда иқтидорли ўқувчилар, талаба ёшлар томонидан куй ва қўшиқлар ижро этилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.