Манфаатлар тўқнашуви коррупцияни келтириб чиқаради

307

 

Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармасида тизимда манфаатлар тўқнашувининг олдини олишга қаратилган профилактик учрашув бўлиб ўтди.

Унда бошқарма бошлиқлари, Адлия вазирлиги масъул вакиллари ва бошқарманинг шахсий таркиби иштирок этди.

Тадбирда Адлия органлари мутахассиси томонидан коррупция ҳолатларига олиб келувчи энг хавфли таҳдидлардан уруғчилик, маҳаллийчилик, таниш-билишчилик каби кўринишларда бўладиган манфаатлар тўқнашувининг олдини олишнинг аҳамияти таъкидланди.




Таъкидланганидек, ҳар бир соҳада коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шакллантиришда манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш муҳим аҳамиятга эга.

Давлат божхона хизмати органларида манфаатлар тўқнашувини аниқлаш ва ҳал этишнинг асосий мақсади божхона ходимлари томонидан лавозим ёки хизмат вазифаларини бажариш чоғида манфаатлар тўқнашувига олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган ҳолатларни бартараф этиш ҳамда улар томонидан шахсий манфаатдорликка йўл қўймасликдан иборатдир.

Божхона расмийлаштируви ва назоратида инсон омилини камайтириб, божхона тизимидаги коррупция ҳолатларининг олдини олишда тизимнинг рақамлаштирилганлик даражаси ҳам муҳим аҳамиятга эга. Айни пайтда божхона органлари фаолиятида 35 та ахборот тизими, 15 та интерактив хизмат ва 11 та мобил илова жорий этилиб, соҳада коррупциявий ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин бўлган барча имкониятлар нолга тенглаштирилмоқда.

Ташкил этилаётган бундай учрашувлардан кўзланган асосий мақсад ҳам ходимлар ўртасида таъмагирлик, мансаб ваколатидан фойдаланиш ва кимгадир «таяниш» орқали ўз хизмат ваколатидан четга чиқиш ҳолатларининг олдини олишдан иборат.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги