Жўқорғи Кенгес раиси Бўзатов туманида бўлди
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев Бўзатов туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги берилган топшириқлар бўйича чора-тадбирлар дастурининг ижроси билан танишди.
Таъкидлаш жоиз, туманни ҳар томонлама ривожлантириш бўйича махсус дастур асосида бир қатор вазифалар белгиланган бўлиб, муаммоларни бартараф этиш мақсадида Президентимиз томонидан барча имкониятлар, шу жумладан, молиявий манбалар ҳам ҳал қилиб берилган. Лекин, айрим жойларда мавжуд имкониятлар тўлиқ ишга солинмаган.
Шу муносабат билан ўтказилган мажлисда шимолий туманларни бевосита Қўнғирот тумани билан боғловчи понтон кўприк қуриш масаласини ўрганиб чиқиш, туман ҳудудида автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчасини тез фурсатда ишга тушириш бўйича мутасаддиларга топшириқ берилди.

Жўқорғи Кенгес Раиси шунингдек, туман маҳаллаларида инфратузилма ва аҳоли турмуши
бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишди. Ўрмон хўжалигида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт экиш ва яшил белбоғлар барпо этишда питомникларнинг ўрни алоҳида экани таъкидланиб, кўчат тайёрлаш ишларини кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.
Шунингдек, “Қусханатау” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш намунали лойиҳасини амалга ошириш доирасида оилаларни камбағалликдан чиқариш мақсадида ташкил этилган кооперация томонидан йўлга қўйилган картошка ва мош маҳсулотларини етиштириш ишлари билан танишди. Томорқаларидан мўл ҳосил олаётган “Бўзатов” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи Қалмамбет Жангелдиев, Сағиндиқ Баймуратов ҳамда Жугинис Жуманазаровнинг ер майдонлари ва иссиқхоналари кўздан кечирилиб, уларнинг ишлари кўпчиликка намуна бўлиши кераклиги таъкидланди.

“Эркин-дарё” каналидаги яроқсиз ҳолга келиб қолган кўприк ўрнига фуқаролар учун хавфсиз янгисини қуриб бериш, “Зарбдор” тажрибаси асосида канал бўйи хизматини ташкил этиш, бозор ҳудудида аҳолига ва сотувчиларга қулай шароит яратиш бўйича аниқ топшириқлар берилди.
Шу билан бирга, “Бўзатов” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида янги қурилаётган 5 қаватли турар жой қурилиши, ёш тадбиркорлар томонидан бўш турган бинода ишга туширилган мебель ишлаб чиқариш лойиҳаси билан ҳам танишди. Жўқорғи Кенгес Раиси туман марказидаги Спорт мактабида яратилган шароитларни ҳам кўздан кечириб, спортчи ёшлар билан яқиндан мулоқот қилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.