Кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан мулоқот

Қорақалпоғистон Республикаси солиқ бошқармаси томонидан Чимбой туманида фаолият юритаётган кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан учрашув ўтказилди.

Унда мутахассислар дастлаб тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги ва соҳага оид сўнгги ўзгаришлар, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида берилаётган солиқ имтиёзлари ҳақида маълумот берди.

Давлатимиз раҳбари жорий йил 19 март куни кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан ўтказган учрашувда юртимизда бу соҳа иш ўрни, инвестиция, инновация, рақобат, қўшилган қиймат ва экспортни кўпайтиришга энг катта туртки бераётган йўналишга айланганини, сўнгги йилларда кичик ва ўрта тадбиркорлар сони 2 карра кўпайганини қайд этди.

Бугунги кунда Чимбой туманида 2 минг 200 та тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Уларнинг 1 минг 123 таси микрофирма, 48 таси кичик корхона, 1 минг 29 таси якка тартибдаги тадбиркорлардир. Очиқ мулоқотда тадбиркорлар фаолиятига тўсиқ бўлаётган муаммоларга ечим топиш, шунингдек, уларнинг бизнесини янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбир якунида солиқ маъмурчилигига амал қилиб илғор натижаларга эришиб келаётган бир гуруҳ солиқ тўловчиларга миннатдорлик билдирилди ва уларга эсдалик совғалари топширилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.