Қарор ижросига илмий ёндашув

Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида “Ҳайвонлар касалликлари таҳлили ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги” мавзусига бағишланган республика миқёсидаги ўқув-семинар бўлиб ўтди.
Унда мутасадди ташкилотлар вакиллари, фермер хўжаликлари раҳбарлари, туман ветеринария бўлимлари ходимлари, соҳага алоқадор мутахассислар, шунингдек, филиал профессор-ўқитувчилари иштирок этди.

Мазкур семинар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 январдаги “Чорвачилик ва паррандачиликни қўллаб-қувватлаш, соҳада юқори қўшилган қиймат яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, соҳада илмий-таҳлилий ёндашувни кенгайтириш ҳамда ветеринария хизматларининг сифатини ошириш мақсадида ташкил этилди.
Тадбир аввалида филиалда соҳага оид кўргазма ташкил этилди. Унда ветеринария ва чорвачилик йўналишидаги илғор ишланмалар, диагностик воситалар, илмий-амалий ютуқлар намойиш этилди.

Ўқув-семинарида Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг Фан ва таълим соҳасини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари, ветеринария фанлари доктори, профессор С.Мавлонов ва бошқа сўзга чиққанлар томонидан ҳайвонлар касалликларини эрта аниқлаш, замонавий диагностика усуллари, биохавфсизлик чораларини кўриш, озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлиги ҳамда сифати каби масалалар юзасидан атрофлича маълумотлар берилди.
Тадбир якунида иштирокчилар қарор ижроси юзасидан ўзларининг фикр-мулоҳазалари ва тажрибалари билан ўртоқлашди. Соҳага оид мавжуд муаммоларни ҳал этиш борасида таклифлар билдирди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири