Маҳалла раисига ишонч билдирилди

2025 йилнинг 1 май санасидан бошлаб Қорақалпоғистон Республикасидаги 452 та фуқаролар йиғинида раисларни сайлаш тадбири бошланди. Мана шундай сайлов Нукус шаҳридаги “Наўқан боғ” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам бўлиб ўтди.

Бу йилги маҳалла раислари сайловини янгича демократик, очиқлик ва ошкоралик, фуқароларимизнинг хоҳиш-иродасини эркин ифода этиш тамойилларига мос тарзда ўтказиш бўйича барча куч ва имкониятлар сафарбар этилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида”ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра, бундан буён фуқаролар йиғини раисларининг ваколат муддати 5 йилга узайтирилди.

Жумладан, шу йилнинг 21 февраль санасида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг “Қорақалпоғистон Республикасида фуқаролар йиғини раиси сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга кўмаклашиш тўғрисида”ги президиум қарори қабул қилинди. Ушбу ҳужжат билан сайловни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи Қорақалпоғистон Республикаси комиссияси ташкил этилди. Халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашларининг қарорлари билан сайловни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи Нукус шаҳар ва туман комиссиялари, шунингдек, ҳар бир маҳаллада сайловни ўтказишга кўмаклашувчи ишчи гуруҳлар тузилди.

Қорақалпоғистон Республикасида ташкил этилаётган сайлов тадбирларида жами 142 минг нафардан ортиқ вакил иштирок этиши кутилмоқда. Шунингдек, маҳалла раиси сайловини ташкил этиш ва ўтказиш жараёнларини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш бўйича Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси томонидан махсус медиа-режа ишлаб чиқилди. Сайловни ўтказиш ва унда фуқароларнинг иштирок этиш тартиби бўйича расмий веб-сайт ва ҳудудий ижтимоий тармоқларда кундалик маълумотлар бериб борилмоқда.

“Наўқан боғ” маҳалла фуқаролар йиғинида сайловни ташкил этувчи ва ўтказувчи тегишли ишчи гуруҳ аъзолари билан бирга 300 нафардан ортиқ маҳалла вакили иштирок этди. Тадбирда овоз бериш йўли билан йиғилиш котиби, президиум аъзолари ҳамда саноқ комиссияси аъзолари тасдиқланди. Шундан сўнг, йиғилганларга маҳалла фуқаролар йиғини раиси лавозимига номзодларнинг таржимаи ҳоли ва меҳнат фаолияти таништирилди.

Якунда энг кўп овоз олган амалдаги раис Замира Айтбаева “Наўқан боғ” маҳалла фуқаролар йиғини раиси этиб сайланди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.