“TextileExpo Uzbekistan-2025 Баҳор”: маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун яна бир муҳим платформа яратилмоқда

346

Жорий йилнинг 14-16 май кунлари Тошкентдаги “Ўзэкспомарказ” марказий кўргазмалар мажмуида “TextileExpo Uzbekistan-2025 Баҳор” халқаро кўргазмаси бўлиб ўтади.

Мазкур ҳалқаро кўргазманинг ташкилий жараёнлари ва ундан кутилаётган натижалар ҳақида “Iteca Exhibitions” халқаро кўргазма компанияси лойиҳаси директори Азиза Алимова қуйидагиларни гапириб берди.

– Айтиш жоизки, Ўзбекистон тўқимачилик саноати миллий иқтисодиётнинг стратегик тармоқларидан бири ҳисобланади. Мамлакат пахта хомашёсини қайта ишлашда етарли салоҳиятга эга бўлиб, охирги йилларда бу соҳада чуқур қайта ишлаш, экспорт салоҳиятини ошириш ва янги иш ўринлари яратиш борасида кенг ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар нафақат ички бозорда, балки жаҳон савдо майдонларида ҳам ўз ўрнига эга бўлиб бораётир.

Шу билан бирга, тўқимачилик корхоналарида илғор технологияларни жорий этиш, экологик барқарор ишлаб чиқаришга ўтиш ва ҳалқаро стандартларга мос маҳсулот тайёрлаш каби йўналишлар устуворлик касб этмоқда. Айниқса, кластер тизимининг жорий этилиши тўқимачилик занжирининг барча босқичларини яхлитлаштириб, соҳа рақобатбардошлигини янада оширяпти. Бу эса Ўзбекистонни Марказий Осиёда тўқимачилик марказларидан бирига айлантиришга хизмат қилмоқда.

“TextileExpo Uzbekistan” кўргазмаси ҳақида тўхталадиган бўлсам, мазкур соҳа вакиллари учун йилда икки бор ўтказиладиган асосий бизнес тадбирлардан бирига айланган. Асосий эътиборни маҳаллий ва ҳалқаро ҳамкорлар ўртасида мустаҳкам ишонч асосидаги алоқаларни йўлга қўйишга қаратамиз.

Тадбир турли мамлакатлардан келган иштирокчиларга ўз ечим ва маҳсулотларини тақдим этиш, тажриба алмашиш имконини яратади. Бу йил 7 давлатдан 130 дан зиёд компания иштирок этиши кутилмоқда. Беларусь, Ҳиндистон, Покистон, Тожикистон, Туркия, Хитой ва Ўзбекистон корхоналари ўз стендлари орқали янги маҳсулот ва технологияларни намойиш этади. Туркия аксессуар ишлаб чиқарувчилари жамоавий тарзда қатнашиши, шунингдек, Хитой компанияларининг фаол иштироки тасдиқланган.

Кўргазма ишлаб чиқариш жараёнининг барча босқичларини, яъни хомашё танлашдан тортиб, то тайёр маҳсулотгача бўлган жараёнларни қамраб олади. Иштирокчилар илғор технологиялар, инновацион ечимлар билан танишиб, ҳамкорлик юзасидан бевосита музокаралар олиб боришлари мумкин. Шунингдек, байерлар дастури доирасида тўғридан-тўғри учрашувлар ташкил этилади. Бу профессионал харидорлар ва ишлаб чиқарувчилар ўртасида самарали мулоқот ўрнатишга хизмат қилади.

Қайд этишим лозимки, ушбу платформа бизнесни ривожлантириш ва янги бозорларга чиқишга катта йўл очади. “TextileExpo Uzbekistan” кўргазмаси ҳудудий ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, савдо алоқаларини ривожлантириш ва ишончли шериклар топиш ҳамда мамлакатнинг тўқимачилик салоҳиятини намоён қилишда катта ўрин тутади.

ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.