Ипакчилик ҳам даромат манбаига айланмоқда

340

Пиллачилик — юртимизда аёллар бандлигини таъминлаш, қўшимча даромад манбаини яратиш ҳамда миллий анъаналарни асраб-авайлашда муҳим аҳамият касб этади. Пилла етиштириш бўйича катта тажрибага эга бўлган берунийлик пиллакoрлар бу йил ҳам фаол иш олиб бориб, пиллачилик мавсумига қизғин киришиб кетишди.

– Жорий йилда Беруний туманидаги 13 та ҳудуд бўйлаб 3212 қути ипак қурти тарқатилди. Бу орқали 5100 нафар хотин-қизнинг иш билан бандлиги таъминланди. Махсус тайёргарлик кўрилган хонадонларда пилла қуртлари учун зарур шароит яратилиб, уларнинг тўғри парваришига алоҳида эътибор берилмоқда, – дейди туман ҳокимлиги Ахборот хизмати бўлими.

Хусусан, Саркоп овул фуқаролар йиғинида 98 қути ипак қурти 105 нафар хотин-қизга тарқатилиб, айни пайтда парвариш ишлари жадал суръатда давом этмоқда. Ёши улуғ оналар ўз тажрибалари билан ёшларга намуна бўлиб, устоз-шогирд анъанаси тикланмоқда.

Шунингдек, Ө.Жуманиязов маҳалласида 71 та хонадонга 101 қути ипак қурти етказиб берилди. Бу ерда ҳам парвариш жараёнига жиддий ёндашилмоқда — озуқа вақтида берилиши, ҳарорат ва санитария талабларига риоя қилиниши таъминланмоқда. Чунки пилла қурти “кумуш тола” яратгунга қадар пиллакoрларга тинмай меҳнат қилишга тўғри келади.

Пиллачилик ишлари билан танишган туман ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи С.Козиева пиллакoр хонадонларга ташриф буюриб, уларнинг меҳнатини алоҳида эътироф этди ва миннатдорлик билдирди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги