Ёш боксчиларимиз тантанали кутиб олинди

359

17 апрель-1 май кунлари Иорданиянинг Аммон шаҳрида бокс бўйича ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионати бўлиб ўтган эди.

Ушбу мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 15 та олтин, 15 та кумуш ва 12 та бронза медалларини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллашга муваффақ бўлди.

Республикамиз мухлислари учун муҳим жиҳати шундаки, ушбу мусобақада ёш боксчиларимиздан +80 кг вазнда Артур Кенесбаев бронза ва -70 Улбосин Жалгасбаева кумуш медальларни қўлга киритиб, халқимизни чексиз қувонтирган эди.

3 май куни ушбу ғолиб спортчиларимиз Нукус халқаро аэропортида республикамиз раҳбарияти, бокс мухлислари ва кенг жамоатчилик иштирокида тантанали тарзда кутиб олинди.

Маросимда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари, Ўзбекистон бокс федерацияси Қорақалпоғистон бўлими бошлиғи Р.Сапарбаев, Спорт вазири Э.Қутибаевлар ёш боксчилар ва уларнинг мураббийлари ҳамда ота-оналарини бутун халқимиз номидан самимий қутлади ва бундан ҳам юқори натижаларга эришишида тилакдошлик билдирди.

Тадбирда ёш боксшиларимиз ўзларига кўрсатилаётган бундай юксак ҳурмат ва рағбат учун республикамиз раҳбариятига катта раҳмат айтиб, келгуси мусобақаларда янада юқори натижаларни қўлга киритишга ваъда берди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги