Маҳалла раислари сайлови бошланди

310

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев таъкидлаганидек, бугун барча ислоҳотлар маҳаллада бўлмоқда. Маҳалла қиёфаси ўзгариб, одамларимизнинг муаммо ва ташвишлари ўша ҳудуднинг ўзида ҳал этилмоқда.

Шу нуқтаи назардан, бу йилги маҳалла раислари сайловини янгича демократик тамойиллар асосида, очиқлик, ошкоралик, фуқароларимизнинг хоҳиш-иродасини эмин-эркин ифода этиш тамойилларига мос равишда ўтказиш бўйича барча куч ва имкониятлар сафарбар этилмоқда.

Хусусан, мамлакатимизда жорий йил бошидан май-июль ойларида ўтказиладиган маҳалла раислари сайловига қизғин тайёргарлик ишлари амалга оширилиб, Ўзбекистон Республикасининг «Фуқаролар йиғини раисини сайлаш тўғрисида»ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра, бундан буён фуқаролар йиғини раисларининг ваколат муддати 5 йилга узайтирилди.

2025 йилнинг 21 февраль санасида эса, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг  «Қорақалпоғистон Республикасида фуқаролар йиғини раиси сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга кўмаклашиш тўғрисида»ги 123-сонли Президиум қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжат билан сайловни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи Қорақалпоғистон Республикаси комиссияси ташкил этилиб, халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашларининг қарорлари билан сайловни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи Нукус шаҳар ва туман комиссиялари, шунингдек ҳар бир маҳаллада сайловни ўтказишга кўмаклашувчи ишчи гуруҳлар тузилди.

– Қорақалпоғистон Республикасида ташкил этилаётган сайлов тадбирларида жами 142 мингдан ортиқ вакиллар иштирок этиши кутилмоқда, – дейди Ўзбекистон Маҳаллалари ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари А.Пиримбетов.- Шунингдек, Маҳалла раиси сайловини ташкил этиш ва ўтказиш жараёнларини оммавий ахборот воситаларида ёритиш бўйича Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси томонидан махсус медиа-режа ишлаб чиқилди. Сайловни ўтказиш ва унда фуқароларнинг иштирок этиш тартиби бўйича расмий веб-сайт ва ҳудудий ижтимоий тармоқларда кундалик маълумотлар бериб борилмоқда. Маҳалла раиси сайлови май ойининг 1-санасидан бошлаб июль ойигача давом этади.

Жумладан, 1 май куни Нукус шаҳри Наўқан боғ маҳалла фуқаролар йиғини раисини сайлаш тадбири бўлиб ўтди.

Унда сайловни ташкил этувчи ва ўтказувчи тегишли ишчи гуруҳ аъзолари билан бирга 300 дан ортиқ ҳудуд аҳолисининг вакиллари иштирок этди.

Тадбирни ишчи гуруҳ раиси А.Торекеева очиб берди ва сайлов тартиби бўйича овоз бериш йўли билан йиғилиш котиби, президиум аъзолари ва ҳисоб-китоб комиссияси аъзолари тасдиқланди.

Шундан сўнг йиғилганларга Наўқан боғ маҳалла фуқаролар йиғини раиси лавозимига номзоди қўйилган номзодларнинг таржимаи ҳоли ва меҳнат фаолияти таништирилди.

Ўз навбатида, ҳудуд аҳолиси номзодлардан маҳалланинг келгуси ривожланиши билан боғлиқ ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди ва Ўзбекистон Республикаси «Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида»ги қонунининг 20-моддасида белгиланган талаблар бўйича овоз беришга рухсат берилди.

Сайловчиларнинг овоз бериши якунида, ҳисоб-китоб комиссияси берилган овозлар сони бўйича ўз баённомасини ўқиб эшиттирди.




Очиқ-ошкоралик тамойили асосида ўтказилган Маҳалла раиси сайлови якунига кўра, Замира Жолдашовна Айтбаева Нукус шаҳри Наўқан боғ маҳалла фуқаролар йиғини раиси этиб сайланди.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси