Педагоглар тайёрлаш тизими трансформацияси – Янги Ўзбекистон учун сифатли таълим гарови

252

Таълим тизимида шиддатли ўзгаришлар юз бермоқда. Бундан кўзланган мақсад эса хорижнинг илғор маърифий тажрибасини юртимиз ўқув жараёнига жорий этиш, юксак билим ва малакали кадрларнинг салоҳияти орқали мамлакат тараққиётига эришишдир.

Пойтахтимиздаги “Янги Ўзбекистон” университетида “Педагог кадрлар тайёрлаш тизимининг трансформацияси – Янги Ўзбекистон учун сифатли таълим гарови” мавзусидаги халқаро конференцияда шу ҳақда батафсил сўз юритилди.

Унда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг мутасаддилари, Cambridge Assessment, UNESCO, UNICEF, Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари вакиллари, Cambridge университети ва бошқа халқаро таълим ташкилотларининг масъуллари қатнашди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 28 апрелдаги “Педагог кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети негизида Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети ташкил этилмоқда.

Шу билан бирга юртимиздаги педагогика соҳасида кадрлар тайёрлайдиган 13 та олий таълим ташкилоти Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимига ўтказилади.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, янги ўқув йилидан бошлаб босқичма-босқич университетнинг мавжуд 14 та факультети мақбуллаштирилади ҳамда юридик шахс бўлмаган 6 та педагогика олий мактаби ташкил этилади.

Етакчи олий таълим ташкилоти сифатида эътироф этилаётган мазкур университетнинг бошқарув тизими “Янги Ўзбекистон” университети тажрибаси асосида тубдан такомиллаштирилади, халқаро таълим дастурлари бакалавриат таълим йўналишларига биринчи курсдан жорий этилади.

Хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда дарс бериш учун профессор-ўқитувчилар танлаб олинади. Янги ўқув йилидан бошлаб педагог кадрларни тайёрлаш шакли кундузги ва кечки таълим шаклида олиб борилади. Сиртқи таълим шаклига қабул амалга оширилмайди.

2026-2027 ўқув йилидан алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим-тарбия беришга оид “Госпитал педагогика” магистратура мутахассислиги йўлга қўйилади.

Фармон билан педагог кадрлар тайёрлаш тизимининг трансформацияси босқичма-босқич амалга оширилади. Бунда университет дунё рейтингида етакчи ўринда турган Буюк Британиянинг Кембридж университети билан ўқитувчиларни тайёрлашнинг амалдаги дастурларини кўриб чиқиш, янги ўқув режа ва дастурларни ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорлик қилади.

Кембридж университетининг малакали мутахассисларидан иборат халқаро экспертлар гуруҳи университет ва педагог кадрлар тайёрлайдиган барча олий таълим муассасаларини трансформация қилиш бўйича кенг қамровли таҳлил ўтказади.

Маърифий таҳлиллар асосида соҳани ривожлантириш юзасидан келгуси 5 йилга мўлжалланган ҳамкорликдаги “Йўл харитаси”ни тузиш режалаштирилган.

Конференция доирасида педагог кадрларни тайёрлаш тизимини трансформациялаш бўйича ушбу режаларни амалга оширишга оид таклиф ва мулоҳазалар тингланди.

Н.Усмонова, ЎзА