Вашингтон ва Киев Украина табиий ресурслари бўйича келишув имзолади

165

30 апрель куни АҚШ ва Украина нодир металлар қазиб олишда ҳамкорлик қилиш ҳамда мамлакатни тиклаш бўйича Америка-Украина сармоя жамғармасини ишга тушириш тўғрисида келишув имзолади. Битимга кўра, томонлар тенг ҳуқуққа эга бўлади ва муҳим материаллар, нефть ва газ соҳасида янги лойиҳалар амалга оширади. Шу билан бирга Украина ҳудудидаги барча ресурслар, шунингдек “Укрнафта” ва “Энергоатом” давлат корпорациялари мулк сифатида Киев назорати остида қолади. Энди ҳужжат Олий Рада томонидан ратификация қилиниши зарур.

Украина Бош вазири ўринбосари Юлия Свириденко таъкидлашича, келишув доирасида инвестиция фонди биргаликда бошқарилади, томонларнинг ҳеч бири ҳал қилувчи овозга эга бўлмайди.

– Тузилаётган жамғармада улуш ва бошқарув ҳуқуқи тенг, – деб ёзди сиёсатчи ижтимоий тармоқдаги саҳифасида. – Тўлиқ эгалик ва назорат Украинада қолади. Ҳудуд ва сувимиздаги барча ресурслар ўзимизга тегишли. Қаердан ва нима қазиб олишни айнан давлатимиз белгилайди. Ер ости бойликлари Украина мулки бўлиб қолади – шундай келишув таъминланган.

АҚШ молия вазири Скотт Бесцент ҳам битим имзоланганини тасдиқлади.

“Reuters” агентлиги ёзишича, қўшимча яна икки ҳужжатни имзолаш режалаштирилган. Фақат Киев бу масалани ўрганиши учун қўшимча вақт сўраган.

Украина Бош вазири Денис Шмигал 27 апрель куни Бесцент билан учрашуви якунида Киев Американинг илгари кўрсатган молиявий ёрдами ер қаъри бўйича келишувга қарз мажбурияти сифатида киритилмаслигига эришган.

– Ушбу келишув Россияга Трамп маъмурияти эркин, суверен ва гуллаб-яшнаган Украинани яратишга қаратилган узоқ муддатли тинчлик жараёни тарафдорилиги ҳақида аниқ хабар беради, – деган мулозим вазирлик эълон қилган баёнотда. – Украинани тиклашга Россия ҳарбий-саноат мажмуасини молиялаштирган давлатлар ва шахслар жалб қилиниши тақиқланади.

Буюк Британия ташқи ишлар вазири Девид Лемми битим имзоланганини олқишлаган. У ижтимоий тармоқ саҳифасида Қиролликнинг Украина билан бир асрлик ҳамкорлик шартномасига содиқлигини алоҳида таъкидлаган.

С.Раҳимов, ЎзА