Ўзбекистон ва Афғонистон Амударё сувини бошқариш бўйича шартнома имзолади

282

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги расмий делегациясининг Афғонистонга ташрифи доирасида сув ресурсларини бошқариш ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича қатор келишувларга эришилди.

Масалан, Балх вилояти ҳокими Ҳожи Муҳаммад Юсуф Вафо билан учрашувда савдо алоқаларини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт-импорт тартибини соддалаштириш, ўсимликлар карантини йўналишида шериклик ўрнатиш, сув ресурсларидан барқарор ва оқилона фойдаланиш, Амударё сув ҳавзасини биргаликда бошқариш каби муҳим ва долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Қўшни давлат Қишлоқ хўжалиги ҳамда Сув ва энергетика вазирликлари вакиллари билан кечган музокаралар якунида ўзаро манфаатли бандлардан иборат тегишли битим имзоланди.

Мазкур ҳужжат оби ҳаёт манбалари билан боғлиқ ҳамкорликни мустаҳкамлаш баробарида Марказий Осиё минтақасида экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда трансчегаравий сув ресурслари бошқаруви бўйича масъулиятли ёндашувларни илгари суришга хизмат қилади.

Ташриф натижалари республикамизнинг минтақавий тинчлик, барқарор тараққиёт ва экологик хавфсизлик борасидаги ташқи сиёсатини амалда акс эттиради.

М.Сайфуллаев, ЎзА