Манзилли тадбирлар ўз самарасини бермоқда

254

Хабарингиз бор, «Адолат» СДП ўзининг Сайловолди дастурида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, айниқса, онкология билан боғлиқ оғир касалликларнинг олдини олиш ва эрта аниқлаш масаласини устувор йўналиш сифатида белгилаган.

Партиянинг 2025 йилга мўлжалланган иш режаси асосида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилаётган аниқ ва манзилли чора-тадбирлар ҳозирги вақтда ўз самарасини бермоқда.

Бу «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Маҳмудова иштирокида Тўрткўл туманидаги «Янгиобод» маҳалласи хотин-қизлари учун ташкил этилган «Биз саратон касаллигига қарши курашамиз!» номли соғломлаштириш акциясида яна бир бор ўз аксини топди.

Халқ вакилларининг «Соғломлаштириш ойлиги» доирасида ўтказилаётган тиббий кўрикларда фаол иштироки, тиббиёт ходимлари билан мулоқотини яқиндан кузатган партия етакчиси соҳада яратилган шароитлар билан танишиб, профилактик тиббий хизматларнинг аҳамияти, уларни кенгайтириш зарурати ва жойларда тиббиёт сифатини яхшилаш борасидаги фикрлари билан ўртоқлашди. Жараёнда тиббий кўрикдан ўтаётган аёллар билан ҳам суҳбатлашди.

Шу билан бирга, “Адолат” СДП тиббиёт муассасалари билан ҳамкорликда ҳудудларда ўтказаётган шу каби тадбирлар орқали аёлларнинг онкологик касалликларга чалиниш кўрсаткичини пасайтириш учун ишончли ва яқин тиббий хизматлардан фойдаланишини кенгайтириш мақсад қилинганини таъкидлади.





Маълумот учун, акция доирасида 45 ёшдан 65 ёшгача бўлган  60 нафарга яқин маҳаллий аёл-қизлар онкологик касалликлар бўйича  маммография хизмати орқали мақсадли текширувдан ўтказилди.

Бир сўз билан айтганда ўтказилган ушбу акция партия Сайловолди дастурида белгиланган мақсадлардан келиб чиқиб, тиббиёт соҳасини янада ривожлантириш жумладан, Оролбўйи минтақаси аҳолиси учун онкологик касалликларини олдини олиш ва барвақт аниқлаш ҳамда профилактика хизматини ташкил этиш масаласига қаратилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги