Маънавий-маърифий ва давлат тилини жорий этиш борасидаги ишлар муҳокама қилинди

Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигида республикамизда жойлашган вазирлик ва унинг ҳузуридаги республика ижро этувчи ҳокимият органлари тизимидаги ташкилот ва муассасаларда маънавий-маърифий ишлар, давлат тилини жорий этиш борасидаги фаолиятини ўрганиш якунлари бўйича йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Ш.Тешаев, Қишлоқ хўжалиги вазирининг маслаҳатчиси Э.Абдуалимов, Қорақалпоғистон Республикаси Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Т.Атамуратов, олий ўқув юртлари раҳбарлари ва вазирлик ходимлари иштирок этди.
Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикасидаги ташкилот ва муассасаларда маънавий-маърифий ишлар ва давлат тилини жорий этиш борасида амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, шунингдек, жойларда учраётган мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги соҳасида маънавий-маърифий ишларни янада кучайтириш, ходимларни миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш, давлат тилини ўрганиш ва жорий этишни рағбатлантириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
– Ўтказилган тадбир қишлоқ хўжалиги соҳасида маънавий-маърифий ишлар ва давлат тилини жорий этиш борасидаги фаолиятни янада самарали ташкил этиш, ходимларнинг маънавий-ахлоқий савиясини ошириш, миллий қадриятларни тарғиб қилиш ва давлат тили сиёсатини мустаҳкамлашга хизмат қилади, – дейди Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиали директорининг биринчи ўринбосари Ҳамза Абдижалиев.
Тадбир савол-жавоблар билан мазмунли давом этди.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси