“Осиё ўйинлари – 2026”да кураш мусобақалари қайси вазн тоифаларида ўтказилади?

196

Маълумки, 2026 йили Япониянинг Аичи ва Нагоя шаҳарларида бўлиб ўтадиган ХХ ёзги Осиё ўйинлари қитъа спортчилари учунгина эмас, давлатлар учун ҳам ўзига хос жисмоний тарбия ва спорт имтиҳони саналади.

Кунчиқар юртда ўтадиган “кичик олимпиада” баҳслари юртимиз спортчилари қаторида миллий спортимиз курашнинг халқаро ривожи йўлида муҳим аҳамият касб этади.

Хўш, бу галги Осиё ўйинлари бошқаларидан қайси жиҳатлари билан фарқ қилади? Умумий иштирокчи спортчилар, меҳмонлар сони қанчани ташкил этиши кутилмоқда? Қитъа олимпиадасининг кураш мусобақалари қайси кунлари ўтказилади ва унинг вазн тоифалари қандай бўлади?

Осиё олимпия кенгаши (ОCА) ва барча спорт турлари бўйича техник директорлар иштирокида ўтказилган йиғилишда ушбу саволларга жавоб берилди.

Муҳокамалар жараёнида таъкидланганидек, ташкилий қўмита “Аичи-Нагоя-2026”да 13 минг нафар спортчи учун инфратузилма яратиш имконияти йўқлиги сабабли иштирокчилар сонини 10 минг нафарга қисқартиришга қарор қилди. Бу ўзгариш ўйинлар дастуридан ўрин олган кураш, каратэ ва ушу каби спорт турларида вазн тоифалари сонининг қисқаришига олиб келди.

Айни қарор натижасида миллий спортимиз кураш бўйича Осиё ўйинлари мусобақалари эркаклар ва аёллар учун учтадан вазн тоифаси ўтказилиши белгиланишига олиб келди.

Халқаро кураш ассоциацияси, Осиё кураш конфедерацияси ҳамда Осиё олимпия кенгаши ташкилий қўмитаси қарорига асосан кураш бўйича ХХ ёзги Осиё ўйинлари доирасида аёллар: -57, -78, +87 килограммда, эркак курашчилар -66, -81, +90 килограмм вазнда совринли ўринлар учун кураш олиб борадиган бўлди.

Осиё ўйинлари дастуридаги кураш беллашувлари 2026 йил 27, 28 ва 29 сентябрь кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Мусобақалар Аичи префектурасининг жанг санъатларига ихтисослаштирилган мажмуасида ташкил этилади. Ушбу аренада жиу-жицу, ушу ва бошқа якка кураш спорт турлари бўйича мусобақалар ўтказилиши белгиланган.

Ўйинлар дастури ва ишлаб чиқилган “йўл харитаси”га биноан иштирок этувчи курашчилар бошқа спорт турлари вакиллари билан биргаликда Япониянинг Нагоя шаҳрида жойлашадиган махсус круиз кемасида истиқомат қилади. Ушбу сузувчи меҳмонхонада 5 минг нафарга яқин спортчи ва расмий делегация аъзолари учун яшаш шароитлари яратилиши кутилмоқда.

Айтиш лозим, қитъа ўйинларида 43 та спорт тури бўйича мусобақалар ўтказилиши тасдиқланган.

Эслатиб ўтамиз, Осиё ўйинларининг тантанали очилиш маросими келгуси йилнинг 19 сентябрида, ёпилиш тантаналари 4 октябрь куни бўлиб ўтиши тасдиқланган бўлиб, ушбу маросимларда 35 минг нафарга яқин меҳмонлар иштирок этиши кутилмоқда.

Осиё олимпия кенгаши ҳамда спорт турлари бўйича техник қўмита вакиллари иштирокида тегишли комиссияларнинг семинар ва ўқув-йиғин машғулотлари 2 майга қадар давом этади.

Т.Рўзиев, ЎзА