Таэквондочиларимиз нуфузли турнир шоҳсупасида
207

Хитойнинг Уси шаҳрида таэквондо WТ бўйича G1 классификациясига кирувчи XIII клублар ўртасидаги Осиё чемпионати якунланди. Мусобақанинг сўнгги кунида Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 12 нафар вакили даянгга чиқди ва 2 та олтин, 2 та кумуш, 1 та бронза медалини қўлга киритди.
Жумладан, Жаҳонгир Худойбердиев (54 кг.) ва Озода Собиржонова (67 кг.) ўз вазн тоифаларида барча рақибларини мағлубиятга учратган ҳолда олтин медалга сазовор бўлди. Финалга қадар муваффақиятли жанг олиб борган Омонжон Отажонов (58 кг.) ҳамда Светлана Осипова (+73 кг.) кумуш медали билан тақдирланди. Севинч Ҳайитова (62 кг.) эса шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олди.
Шундай қилиб, XIII клублар ўртасидаги Осиё чемпионатида Павел Хан бошчилигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси кечаги натижалар билан бирга ҳисоблаганда 4 та олтин, 5 та кумуш ва 5 та бронза, жами 14 та медалга эга чиқди.




Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА