Хитой Афғонистонни ШҲТ саммитига таклиф қилди

Расмий Пекин Афғонистонни 2025 йилнинг иккинчи яримида Хитойда бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммитида иштирок этишга таклиф қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Эроннинг «Mehr News» ахборот агентлиги маълумотига кўра, Хитойнинг Қобулдаги элчиси Чжао Син таклифномани етказиб, Пекин икки томонлама алоқаларни чуқурлаштириш истагини таъкидлаган. Дипломатнинг айтишича, Хитой яқин қўшни сифатида Афғонистон билан конструктив мулоқотдан манфаатдор, айниқса, ШҲТнинг минтақавий хавфсизликни таъминлашдаги роли ортиб бораётган бир шароитда.
Ўз навбатида, Афғонистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Муҳаммад Наим ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёрлигини билдириб, барқарор шериклик ҳар икки томонга ҳам манфаат келтиришини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, Афғонистон 2012 йилдан бери ШҲТда кузатувчи мақомига эга. 2025 йилги саммитга таклиф Афғонистоннинг кўп томонлама минтақавий ҳамкорликка босқичма-босқич қайтиши йўлидаги муҳим қадам бўлиши мумкин.