Касаба уюшмалари жамиятимизнинг муҳим ташкилоти бўлиб қолаверади

337

И.В.Савицкий номидаги давлат санъат музейида «Музейлар бой тарихимиз ва маданиятимизнинг бетакрор хазинаси» мавзусида «Музейлар ҳафталиги» тадбирлари ўтказилди.

Ушбу тадбирлар Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси қўшма қўмитаси томонидан Маданият, спорт вазирлиги ва Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлимлари ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тадбирда Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бирлашган қўмитаси раиси Ж.Аяпов ва бошқалар сўзга чиқиб, ўтказилаётган тадбирларнинг аҳамиятига тўхталиб, Ўзбекистон касаба уюшмаларининг 120 йиллиги, тарихи ва ривожланиш босқичлари ҳақида маълумотлар берилди.

Таъкидланганидек, бутун дунёда бўлгани каби XX аср бошларида Туркистон заминида ҳам касаба уюшмалари пайдо бўлишидан олдин ишловчи-ходимлар турли тўгарак, йиғин ва уюшмаларга бирлаша бошлаган. Уларнинг номида «Касб» сўзи бўлмаса-да, улар ишларига қараб, ишчи-ходимлар томонидан ўзларининг иқтисодий ва касбий манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларида фаолият олиб борган.

Туркистонда биринчи норасмий тўгараклар 1903 йили Тошкентда, 1904 йили Самарқандда пайдо бўлган. 1905 йилнинг кузига келиб, Тошкентда ишчиларнинг 15 та тўгараги фаолият кўрсатган. Бу тўгараклар тобора касаба уюшма ташкилотларининг вужудга келишида муҳим роль ўйнади.

Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришгандан сўнг республикада 25 та тармоқ касаба уюшмалари ташкил этилиб, улар ўз Уставларини қабул қилди. 1991 йилда ушбу касаба уюшмалари томонидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташкил этилди. Ўшандан буён бир неча бор тармоқ касаба уюшмаларининг қўшилиши орқали қайта ташкил этиш ишлари амалга оширилди. Сўнгги йилларда касаба уюшмалари жамиятимизнинг муҳим бир қисмига айланди.

Ўзбекистон касаба уюшмаларининг мамлакатимиз ижтимоий ҳаётидаги катта ўрни ва аҳамиятини эътиборга олиб, Ўзбекистонда 11 ноябрь санаси «Касаба уюшмалари куни» деб белгиланиб, Янги Ўзбекистоннинг янги касаба уюшмалари шакллантирилди.

Тадбирда меҳнат фахрийлари ва касаба уюшмаси фаолларига Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси қўмитаси томонидан диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Сўнг меҳмонлар музей кинозали, илмий кутубхонасига олиб борилиб, музей тарихи ҳақида маълумотлар, ҳужжатли видеофильм намойиш этилди. Шунингдек, махсус тақдимотлар билан таништирилди.










Иштирокчиларнинг музей заллари бўйлаб саёҳати ташкил этилди. Бу тадбир Нукус шаҳридаги 1-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабининг дуторчи қизлари ва Бердақ номидаги академик мусиқа театри артистлари ижросида концерт номерлари билан иштирокчиларга алоҳида завқ бағишлади.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги