Муҳтож беморларга берилаётган холис ёрдам бебаҳо

Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Республика қон қуйиш станциясига оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди.
Унда Республика қон қуйиш станцияси бош шифокори вазифасини вақтинча бажарувчи Г.Абдрахманова соҳада амалга оширилаётган ишлар, янгиликлар ҳақида кенг маълумот берди.
Таъкидланганидек, давлатимиз томонидан аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилиб, аҳолига тиббий хизмат кўрсатишда қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, қон хизматига янги технологияларнинг кириб келиши, қон донорлиги хавфсизлигини таъминлаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар такомиллаштирилиши, зарур ҳуқуқий асосларнинг яратилиши ушбу хизмат турининг ривожланиши учун кенг имкониятлар яратмоқда.
Қорақалпоғистон Республикасида қон хизмати Республика қон қуйиш станцияси ва даволаш-профилактика муассасаларидаги 17 та қон банклари томонидан амалга оширилади. Республика қон қуйиш станцияси тегишли дастурларга мувофиқ кредит ҳисобидан 1 млрд. 257 млн сўмлик замонавий қон сақлаш учун мўлжалланган музлатгичлар, плазмаферез, гемоцитоферез, лаборатория асбоб-ускуналари ва бир марталик қўлланма материаллар билан таъминланди. Шунингдек, даволаш-профилактика муассасалари, шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари таркибидаги қон қуйиш бўлимлари (қон банки) махсус қон компонентларини сақлаш учун мўлжалланган музлаткичлар билан жиҳозланди.
– Республикада қон ва унинг таркибий қисмларини тайёрлаш, қайта ишлаш ва текшириш жараёнларини марказлаштириш ишлари ҳам амалга оширилди, – дейди Г.Абдрахманова. – Яъни, илгари барча даволаш-профилактика муассасаларидаги, шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмаларидаги қон қуйиш бўлимлари қон тайёрлаш, қайта ишлаш, текшириш ишларини амалга оширадиган бўлса, бугунги кунда уларнинг барчаси тайёр қон компонентларини сақлаш, қон компонентларини беморларга қуйиш, донорларни йиғиш ва ўзларида мавжуд тайёр қон компонентлари захирасини сақлаш вазифаларини бажарадиган қон банкларига айлантирилди.
Республикамизда 2024 йил якуни билан умумий донорлар сони 6834 нафарга етди. Доимий донорларимиз ва кўнгиллиларимизнинг қон қуйишга муҳтож беморларга бераётган холис ёрдами беқиёс, албатта.
Кадрлар савияси, билими, малакаси, маҳоратини ошириш ва қайта тайёрлаш бўйича ҳам қатор ишлар қилинди. Айни пайтда мутахассисликлари бўйича барча штат бирлиги (21 штат) тўлдирилди. Шундан 8 нафар шифокор гематология ва трансфузиология мутахассислиги бўйича клиник ординатурани ва 1 нафар шифокор магистратурани тамомлаган.
Тадбир давомида иштирокчилар қон қуйиш станциясидаги шифокорлар ва қон топширишга келган фуқаролар учун яратилган шароитлар билан танишиб, қизиқтирган саволларига жавоб олди.









А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги