Баҳодирнинг иш-тажрибаси кўпчиликка ўрнак бўлмоқда

342

Тахтакўпир тумани Ўзбекистон маҳалла фуқаролар йиғини фуқароси Баҳодир Усаков бир неча йилдирки, ўз томорқасидан самарали фойдаланиб келаётган меҳнаткаш инсонлардан биридир.

Ҳозирги вақтда 22 сотих томорқа ернинг ҳар бир қарич еридан унумли фойдаланиб, ундан мўл даромад топиб келмоқда.

– Ҳудуддаги ҳоким ёрдамчиси Жанабай Исмамутов томонидан Жаҳон тараққиёт банкининг грант маблағлари асосида 1,5 сотих ерга иссиқхона қуриб берилди, – дейди Баҳодир Усаков. Ҳозир кунига ўртача 20-25 кг бодринг териб олинмоқда. Шунингдек, 15 сотих ерда мева боғим, сабзавот-полиз етиштирадиган томорқам бор. Шу билан бирга, уйимизда 300 бош товуқ, 2 бош соғин сигир, жўжа чиқарадиган инкубация цехимиз бор. Бу инкубация ускунасида ҳар йили жўжа чиқариб, аҳолини парранда маҳсулотлари билан таъминлаяпмиз. 10 уяда боқилаётган асаларилар томонидан етиштирилган асалнинг эса, харидори жуда кўп.

– 2023 йилда Жаҳон тараққиёт банкининг 150 минг долларлик грантини ютиб олиб, йиғин ҳудудидаги 30 та хонадонни замонавий иссиқхоналар билан таъминладик, – дейди ҳудуддаги ҳоким ёрдамчиси Жанабай Исмамутов. Албатта, бу уларга оилаларга қўшимча даромад топишда муҳим ўрин тутмоқда.

Яқинда ушбу хонадонда «Томорқа – қўшимча даромад манбаи» мавзусида кўргазмали семинар ташкил этилди.

Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг биринчи ўринбосари Н.Ерлепесов, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири К.Азербаев, Ўзбекистон маҳаллалар уюшмасии Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи С.Турманов, туман ҳокими ўринбосорлари ва маҳалла фаоллари иштирок этди.

Ўтказилган тадбирда семинар иштирокчилари Б.Усаков хонадонида бўлиб, намунали томорқа эгасининг тажрибаси билан танишди.








Семинар давомида томорқа эгасининг тажрибалари атрофлича муҳокама қилиниб, ушбу тажрибани барча маҳаллаларда кенг оммалаштириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.

-Ўзимнинг иш тажрибамни туманимиз бўйлаб кенг ёяётганимдан жуда хурсандман, -дейди Баҳодир биз билан бўлган суҳбатда.-Чунки, «Сув гавҳар-ер хазина» деганларидек халқимиз ерларимиздан самарали фойдаланса, уларнинг оиласи тўқ ва фаровон бўлади. Ўйлайманки, шундай тўкинлик туфайли бўлса, фарзандларимиз бахтли ҳаёт кечиради.

Бундай кўргазмали семинарлар республикамизнинг барча ҳудудларида бўлиб ўтмоқда.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси