Депутат Қўнғирот туманида бўлди
Парламент қуйи палатаси депутати Гулжан Халмуратованинг учрашувлари энг чекка ҳудудларнинг бири Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманида ҳам ташкил этилди.
Халқ вакили тумандаги “Алмазар” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, “Маҳалла еттилиги” билан учрашди.
Учрашувда мамлакатимизда қабул қилинаётган янги қонунларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, айниқса, маҳалла тизимига қаратилаётган эътибор ҳақида сўз борди. Мазкур маҳалла фуқаролар йиғинида 822 та хонадон бўлиб, уларда 3 минг 800 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Депутат маҳаллада томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, камбағалликни қисқартириш, ишсизлар бандлигини таъминлаш, ёшлар билан ишлаш борасидаги фаолият, ажримлар ва жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишди.

Учрашув давомида халқ вакили “Ақилбек Асал жаўлан” оилавий корхонада бўлди. Корхона ҳоким ёрдамчиси тавсияси билан “Халқ банки”дан 100 миллион сўм кредит олиб фаолиятни йўлга қўйган шу асосда нон маҳсулотларини ишлаб чиқаради. Депутат корхона фаолияти билан яқиндан танишар экан, уларнинг келгуси режа ва мақсадлари билан ҳам ўртоқлашди.
Депутат маҳалладаги “Turon gold prom” масъулияти чекланган жамиятда ҳам бўлди. Мазкур корхона асосан техник тузлар ишлаб чиқаради. Корхонада 70 нафардан зиёд фуқаро доимий иш билан таъминланган. Техник туз кимё, нефть-кимё саноатида, қозонхоналарда очиқ ва ёпиқ иситиш тизимларини сув билан кимёвий тозалаш учун, йўлларни пуркаш, пармалаш суюқликларини тайёрлаш ва бошқа мақсадларда ишлатилади. Халқ вакили мазкур корхонада ишлаб чиқараётган тузларнинг сифати, келгуси режа ва мақсадлари билан ҳам қизиқди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.