Европа Иттифоқи Ўзбекистонда 5 та ташаббусни ишга туширди

260

Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси “Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги фуқаролик жамияти ташкилотларини қўллаб-қувватлаш” ташаббуси доирасида бешта янги фуқаролик жамияти лойиҳаларини ишга туширди.

Шу муносабат билан бугун Тошкентда ташкил этилган тадбирда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тойво Клаар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов ва бошқалар томонлар ўртасидаги ҳамкорлик фуқаролик жамияти фаолиятида аҳамиятли экани ва мазкур ташаббусларнинг ишга туширилиши бу жараённи қўллаб-қувватлашга қаратилганини қайд  этди.

Тадбирда айтиб ўтилгани каби жами қарийб 2,9 миллион евро қийматига тенг бўлган ушбу ташаббуслар Европа Иттифоқи ва унинг ҳамкор ташкилотлари томонидан биргаликда молиялаштирилмоқда. Бу эса  Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. Лойиҳалар фуқаролик жамиятининг сиёсат юзасидан мулоқотда иштирок этиши, гендер тенглиги, юридик ҳуқуқ ва имкониятларни кенгайтириш, медиа саводхонлиги ва рақамли ҳуқуқлар соҳаларидаги ҳиссини мустаҳкамлашга қаратилган.

–Бугун тадбир муносабати билан ташкилотчиларга миннатдорлик билдираман, – деди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов. – Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қаратилган 5 та лойиҳанинг тақдимоти чиндан тарихий  воқеадир. 4 апрель куни Самарқандда Европа Иттифоқи – Марказий Осиё биринчи саммити ўтказилди. Қисқа муддатда ЕИ  иштирокчилар томонидан имзоланган қўшма декларациянинг энг муҳим пунктларидан бири  – фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш ҳамда Марказий Осиё фуқаролик жамияти институти форумига қаратилган бугунги тадбирни ташкил этди. Айтиш керакки, бу каби ташаббуслар  томонлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Тадбирда мазкур ташаббусларни татбиқ этишнинг амалий аҳамиятига урғу берилди. Унга кўра, фуқаролик жамияти фаоллигини кучайтириш ва инклюзив ривожланишни рағбатлантириш мақсадида ишлаб чиқилган бешта ташаббус миллий қамров билан бир қаторда мақсадли ҳудудий фаолиятларни ҳам ўз ичига олади. Лойиҳалар Тошкент, Қорақалпоғистон, Наманган, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё ва бошқа ҳудудларда юридик ҳуқуқ ва имкониятларни кенгайтириш, гендер тенглиги, ёшлар ва медиа саводхонлиги ҳамда рақамли ҳуқуқлар бўйича саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилади.

Таъкидлаш жоизки, ҳар бир лойиҳа Европа ва Ўзбекистон ҳамкор ташкилотларини бирлаштириб, маҳаллий даражада ўзлаштирилишни кучайтиради ва соҳалар орасидаги ҳамкорликни рағбатлантиради. Лойиҳалар фуқаролик жамияти фаолларининг салоҳиятини оширади, ҳимояга муҳтож гуруҳларга кўмаклашади ва фуқаролик жамияти билан давлат муассасалари ўртасида барча даражада ҳамкорликни қўллаб-қувватлайди.

–Аввало, бугунги тадбир иштирокчиларига ва ҳукумат мутасаддиларига ўз ташаккуримни билдираман. Яқинда бўлиб ўтган Европа Иттифоқи–Марказий Осиё биринчи саммитида шаклланган амалий жараённи давом эттирган ҳолда, бугунги лойиҳаларнинг ишга туширилиши Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги фуқаролик жамияти ривожланиши тарафдори эканини яна бир бор намойиш этмоқда. Ушбу лойиҳалар фуқаролик фаоллари учун одил судлов, гендер тенглиги, медиа ва рақамли ҳуқуқлар соҳаларида мазмунли иштирок этиш имконини яратиш бўйича умумий интилишимизни акс эттиради, – деди Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тойво Клаар.

Насиба Зиёдуллаева,

Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА