ЎзЛиДеП Хўжайли туман Кенгаши бугун ўз сафида 2 000 дан зиёд хотин-қизни бирлаштирган. Ўтган давр мобайнида Кенгаш томонидан хотин-қизларнинг иқтисодий, ҳуқуқий билимларини ошириш, қайта касбга йўналтириш, иш билан таъминлаш ва оилавий корхоналарини ташкил этиш борасида қатор хайрли ишлар амалга оширилди.

“Янги Ўзбекистоннинг бунёдкор аёллари” шиори остида “Ишбилармон аёл” кўрик-танлови бўйича тумандаги «Қумбиз», «Қирқинчи», «Байтерек» ва «Кулап» маҳаллаларида ўтказилган кўрик-танловда ҳам мамлакатимиз тараққиёти ва халқ фаровонлиги йўлида фаол иштирок этаётган шижоатли, изланувчан, ташаббускор тадбиркор ва фермер хотин-қизлар иштирок этди ва уларнинг орасидан энг муносиблари партия томонидан ташкил этилган махсус ишчи гуруҳ ва ҳакамлар ҳайъати томонидан туман босқичига саралаб олинди.

«Кулап» қишлоғидаги “Қатча мама” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Маткаримова Айша опа – фермерлик соҳасида салкам 40 йиллик тажрибага эга, туман овул хўжалигига катта ҳисса қўшган, 60 гектар ердан йилига 2-3 марта ҳосил оладиган тажрибали фермер. «Шуҳрат» медали эгаси фермер Айша опа хўжалигида пахта, мева-сабзавотлар, помидор-бодринг, малина, гилос ва турли сабзавот ва кўчатлар етиштирилиб, қўшни Қозоғистонга экспорт қилинади, шунингдек ички бозорга ҳам тўғридан-тўғри сотувларни амалга оширади. Ҳозирги кунда доимий 20 нафар ва 30 нафар мавсумий ишчи хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаб келмоқда. Янги истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш борасида амалий ишларга қўл урмоқда.

– 60 гектар ерга пахта-ғаллани алмашлаб экиб, помидорни тухумлигидан катта қилиб яхшигина даромад қилиб келяпмиз. – дейди фермер Айша Маткаримова. – 20 кишини доимий иш билан таъминлаганман. 15 нафар хотин-қиз ва ёшларни хўжалигимга ишга олганимдан сўнг улар “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтаридан чиқарилди. Фермерлик билан биргаликда чорвачиликни ҳам йўлга қуйганмиз. Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “Инсон қадри учун” тамойили асосида 10 минг товуқ боқишга мўлжалланган паррандачилик комплексини ишга туширмоқчиман.

O‘zLiDeP Хўжайли туман Кенгаши “Аёллар қаноти” томонидан тумандаги “Қумбиз овул” маҳалласида фаол ва меҳнатсевар аёлларидан бири — Наргул Қудайбергенованинг фаолияти яқиндан ўрганилди. «Қириқ қиз текстил» МЧЖ бошлиғи сифатида Наргул опа миллий кийим-кечак, кўрпа тўшак, миллий ва замонавий келинчак кўйлаклари ва тўй анжомларини тикиш ва ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Бу маҳсулот турлари нафақат маҳаллий бозорда, балки атроф-муҳитдаги харидорлар орасида ҳам катта талабга эга. Н.Қудайбергенова иш фаолиятида «устоз-шогирд» анъанасини ҳаётга татбиқ этган ҳолда, ёшларни ҳам меҳнатга жалб этмоқда. Ҳозирги кунда 22 нафар доимий ва 20 нафар мавсумий ишчи билан биргаликда фаолият юритмоқда ва уларнинг аксарияти шогирдлари ҳисобланади. Бу эса нафақат иш ўрни яратиш, балки ёшларга касб ўргатишда ҳам муҳим қадам ҳисобланади.

Саралаш босқичи иштирокчиларидан яна бири Ешанова Насиба «Қирқинчи» маҳаллада якка оилавий тадбиркор сифатида фаолият олиб бормоқда. 2020-йили ташкил этилгин кичик оилавий бизнес, стандарт хизматлар — соч турмаклаш, кесиш, бўяш, пардоз-андоз каби хизматларни тавсия этишга ихтисослашган. Бугунги кунда гўзаллик салонида 5 нафар хотин-қизлар иш билан таъминланган. Н.Ешанова уларга билим ва кўникмаларни ўргатиб, “устоз-шогирд” анъанасини жорий қилган.

–Биз қишлоқ аёлларининг бандлигини таъминлаш ҳақида кўп гапирамиз, бироқ уларни ишсиз дейиш мантиқан нотўғри, – дейди O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши бўлим мудири Жамила Егамбергенова – Танлов иштирокчиларининг аксарияти қишлоқда истиқомат қилади, эрта тонгдан қош қорайгунча рўзғор ташвиши билан тинмайди. Ана шу ташвишларидан ортиб, яна бизнесини йўлга қўйган, оиласи фаровонлигини таъминлаётган, маҳалладошларининг бандлигини таъминлашга ҳисса қўшаётган аёлларимизга ҳар қанча раҳмат айтсак кам.

Дарҳақиқат, иш ўрни яратаётган, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни ўқитиб, бандлигини таъминлашга ҳисса қўшаётган ва шу орқали ҳаётда ўз ўрнини топишида кўмаклашаётган ишбилармон аёлларнинг меҳнати, интилишлари эътирофга лойиқ.






 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги