Талабаларнинг ижодий ишлари кўргазмага қўйилди

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти Педагогика факультетида Халқаро тасвирий ва амалий санъат фестивали доирасида кўргазма ташкил этилди.
Кўргазмадан тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси кафедраси профессор-ўқитувчилари, бакалавр таълим йўналиши талабалари, шунингдек, тасвирий санъат ва амалий безак санъати магистратура мутахассислигида таҳсил олаётган магистрантларнинг ижодий ишлари ўрин олди.
Тадбирнинг очилиш маросимида институт ректори Қ.Қодиров, Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими бошлиғи У.Утегенова, Қорақалпоғистон халқ рассоми, Ўзбекистон Бадиий академиясининг ҳақиқий аъзоси – академик С.Байбосинов, Тошкент ва Жиззах шаҳарларидан келган меҳмонлар сўзга чиқиб, ҳар йили ўтказилиши анъанага айланган ушбу кўргазмани ташкил этишдан асосий мақсад ёшлар томонидан яратилган ижодий ишларни кенг жамоатчиликка таништиришдан иборат эканлигини таъкидлади.
– Кўргазмага қўйилган ишлар 2024-2025 ўқув йилида бажарилган бўлиб, асосан мойли ва акварель бўёқда ишланган. Жанр хусусиятига кўра манзара, натюрморт, портрет жанрлари ўрин эгаллайди, – дейди институт матбуот котиби И.Матеков.
Шунингдек, турли жанрдаги картиналар билан бирга, замонавий технологиялар ёрдамида ишланган ижодий ишлар ҳамда амалий безак санъати бўйича турли буюмлар, ҳунармандчилик намуналари ҳам кўргазмага қўйилгани тадбир иштирокчиларининг эътиборини тортди.






Тадбир доирасида тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси бакалавриат таълим йўналиши талабалари ўртасида портрет ва манзара ишлаш бўйича танлов ҳам ўтказилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги