Уй-интернати тарбияланувчиларининг маҳсулотлари юқори баҳоланди

235

Жорий йил 24 апрель куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасида «Саховат ва хайрия» мавзусида навбатдаги хайрия аукциони ташкил этилди.

Аукционни ташкил этишдан асосий мақсад – Нукус шаҳридаги «Мурувват» уй-интернати тарбияланувчилари бўлган имконияти чекланган хотин-қизларни қўллаб-қувватлашдан иборат.

Унда бошқарма бошлиқлари ва мутахассислари, муассаса ва ташкилот вакиллари, шунингдек, 20 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари иштирок этди.

Аукцион доирасида «Мурувват» интернат уйи тарбияланувчилари томонидан ишланган ҳунармандчилик буюмлари, тўқимачилик ва тикувчилик маҳсулотлари, пластик буюмлардан ишланган композициялари каби 50 га яқин қўл ишлари аукционга қўйилди.






Дастлабки сотувга қўйилган қўғирчоқнинг нархи 100 минг сўмгача кўтарилди. «Мурувват» уй-интернати тарбияланувчилари томонидан тайёрланган бошқа маҳсулотлар ҳам юқори баҳоланди.

Хайрия тадбирида фаоллик кўрсатгани учун тадбиркорларга миннатдорлик билдирилиб, сабаб билан улар ўзаро суҳбатлашиш, фикр алмашиш имкониятига эга бўлди.

Аукциондан йиғилган маблағлар тўлиқ «Мурувват» уй-интернатининг ҳисоб-рақамига ўтказиб берилди.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги