
Нукус шаҳридаги 31-сонли умумтаълим мактабидаги “Ёш божхоначилар” тўгараги аъзолари учун навбатдаги дарс машғулоти бўлиб ўтди.
Ёшларда ватанпарварлик ҳиссини шакллантириш, уларни ҳарбий ватанпарварликка, шу жумладан, божхона соҳасига бўлган қизиқишини уйғотиш мақсадида ташкил этилган тўгаракда дарс машғулотлари тизимли давом этмоқда. Унда жисмоний шахслар томонидан товарларни божсиз олиб кириш меъёрлари, божхона тартиботларига киритилаётган ўзгаришлар ҳақида тушунчалар берилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 19 апрелдаги “Айрим турдаги товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан товар-моддий бойликларни божхона чегаралари орқали олиб ўтиш меъёрларига жорий йил 1-май санасидан бошлаб киритилаётган ўзгаришлар ҳам батафсил тушунтирилди.

Ўсиб келаётган ёш авлоднинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш аҳолининг, бутун миллатнинг ҳуқуқий маданияти юксалишига замин яратади. Зеро, айнан улар янги тусдаги маълумотларни тез қабул қилиб, оила аъзоларига, яқинларига улашади. Бу йўлда уларга тўғри йўналиш бериш кифоя.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири