“Ёшларга кўмак” мавзусида учрашув ўтказилди
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ва халқ депутатлари Нукус шаҳар Кенгашидаги партия гуруҳи томонидан ёшлар билан очиқ мулоқот, уларни қўллаб-қувватлаш, сиёсий билимларини ошириш мақсадида “Ёшларга кўмак” мавзусида учрашув ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши масъул ходимлари, университет профессор-ўқитувчилари, талаба ёшлар, депутатлар, партиянинг “Ёшлар қаноти” аъзолари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Учрашувда Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раисининг ўринбосари Маҳмуд Есенгелдиев бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан, партия ташкилотлари ҳамда депутатлар томонидан олиб борилаётган чора-тадбирлар, партиянинг ёшлар билан ишлаш йўналишидаги ишларига тўхталди. Шу билан бирга, мамлакатимизда ёшларнинг ўз ташаббусларини рўёбга чиқариши учун яратилган шароитлар, имкониятлар ва имтиёзлар ҳақида тушунчалар берди.


Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 31 августдаги “Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорлик, инновацион технологиялар ва инфратузилмаларни жадал суръатларда ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бўйича қорақалпоғистонлик ёшларга кўрсатилаётган ғамхўрлик натижасида 2024-2025 ўқув йилида ҳам Оролбўйининг шаҳар ва туманлари учун зарур бўлган мутахассисликлар сонидан ва уларнинг ички эҳтиёжидан келиб чиқиб, 10 минг қўшимча квота ажратилганлиги, шундан 968 нафар талаба айнан Қорақалпоқ давлат университетига қабул қилинганлиги қайд этилди. Тадбир иштирокчилари ёшларга шундай имкониятларни яратиб бераётган Президентимизга ўз миннатдорлигини билдирди.
Учрашув давомида ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилиб, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.