АҚШ ва Эрон ядровий музокараларни давом эттиради

Қўшма Штатлар ва Эрон Ислом Республикаси ўртасидаги ядровий музокаралар ҳар икки томоннинг яхши келишаётганига ишора қилмоқда, деб хабар бермоқда “CNN” нашри.
Ўтган ҳафта охирида Ўмонда бўлиб ўтган дастлабки босқичдан сўнг икки давлат делегациялари навбатдаги музокаралар учун Римда учрашди. Эндиликда Форс кўрфазида жойлашган Ўмон Султонлиги шанба куни Масқатда кутилаётган юқори даражадаги учинчи раундда воситачилик қилади.
Трамп маъмурияти сўнгги мулоқотлардан сўнг ижобий ўзгаришларга тўхталиб, “жуда яхши тараққиётга” ишора қилди ва томонлар шу ҳафта “яна учрашишга келишиб олганини” маълум қилди.
Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арагчи ҳам музокаралар кўнгилдагидек кечганини таъкидлади.
– Айтишим мумкинки, олдинга силжиш бор, -деди у. – Биз Рим музокараларида баъзи принциплар ва мақсадлар бўйича бир-биримизни яхшироқ тушундик.
Аввалроқ, президент Дональд Трамп расмий Вашингтон Теҳрон билан келишувга эриша олмаса, АҚШ Исроил ёрдамида Эрон ядровий объектларига ҳарбий зарбалар бериш билан таҳдид қилган эди.
Мусулмон Зиё, ЎзА