Ёшларга шоир ҳақида қимматли маълумотлар берилди

257

 

Жорий йил 21-27 апрель кунлари юртимиз бўйлаб «Ўзбекистон – китобхонлар юрти» шиори остида V Республика «Китобхонлик ҳафталиги» ўтказилмоқда.

Ушбу муҳим тадбирда республикамиздаги ахборот-кутубхона марказлари ва китобхонлар ҳам фаол иштирок этиб, маданий-маърифий тадбирлар, мушоиралар, адабий кечалар ташкил этилмоқда.

Хўжайли тумани Ахборот-кутубхона марказида Қорақалпоғистон халқ шоири, Ўзбекистон халқ ҳофизи Содиқ Нуримбетовнинг 125 йиллиги (1900-1972) муносабати билан «Шоир ва қиссахон» номли маҳалла оқсоқоллари ва ёш китобхонлар иштирокида кеча ташкил этилди.

Ёшларга «Шуҳрат» медали соҳиби, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ таълими аълочиси, «Ибратли оила» кўкрак нишони совриндори Қизларгул Худоярова С.Нуримбетовнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида батафсил маълумот берди.




Таъкидланганидек, С.Нуримбетов қорақалпоқ адабиётининг йирик сиймоларидан бири, кўп сонли лирик шеърлари ва достонлари халқимизнинг қалбидан чуқур жой олган. У қорақалпоқ адабиётини тематик, жанрий ва бадиий жиҳатдан ривожлантиришга катта ҳисса қўшган.

С.Нуримбетов ўз ижодининг дастлабки йилларида «Довуд кўл» қўшиғи, «Тиллахон», «Есетсанг,» «Жанаберган», уруш даврида яратган «Фарзандим» асарлари билан машҳур бўлди. У «Мен шунда мақтайман», «Номус сўзи,» «Очилиб сиринг», «Иш ёқмасларга», «Шуғулларга», «Овора», «Сенинг ишқинг» ва бошқа асарлари билан адабиётимизда сатира билан бирга, тимсол жанрини ҳам ривожлантиришга ҳисса қўшди. Шунингдек, унинг эпик асарлари «Бердақ», «Қамари», «Денгизда», «Заримбетнинг ғабириси» поэмалари, «Хоналаслар», «Бахтиёр» достонлари адабиётимизни жанрий жиҳатдан бойитишда катта аҳамиятга эга бўлди.

С.Нуримбетов инсон сифатида жуда яхши инсон бўлган. У жуда ёдий одам бўлган. Туркий халқ достонларининг барчасини ёддан ўқиган. Кунхўжа, Ажиниёз, Бердақ, Сидиқ, Абдиқодир, Қози Мавликнинг шеърларини ҳам ёддан билган. Қоғозга қарамасдан тонггача қўшиқ ўқиб, достон айта оладиган бўлган. У борган ерга халқ йиғилиб, қиссахонлик йўли билан ижро этган асарларини берилиб тинглаган.

Тадбирда ўқувчи-ёшлар шоир асарларидан парчалар ўқиб, устозларнинг қимматли маслаҳатларини тинглаб, қизиқтирган саволларига жавоб олди.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги