Гуллар нафислиги ва чинни нозиклиги уйғунлашган Лоянг Пион Фаянс музейи

Лоянг — қадим цивилизациялар ватани, Танг даврининг дурдонаси ва маданиятлар чорраҳасидаги гўзал Хитой шаҳри. Бу ерда тарих шунчалик теран, санъат эса ҳаётнинг ўзига сингиб кетганки, ҳар бир бурчакда қадимийлик билан замонавийлик қўл ушлашиб юради. Ана шундай масканлардан бири бу — Лоянг Пион Фаянс музейидир.
Мазкур музей 2012 йилда расман очилган бўлиб, Хитойда пион мавзусига бағишланган илк ихтисослашган санъат музейи ҳисобланади. У Лоянг шаҳрининг Луо Лонг туманидаги Анле қишлоғида, Зҳенгcун Пион Саройи ҳудудида жойлашган. Бу жой бежиз танланмаган — айнан шу ҳудуд пион маданиятининг маркази, анъанавий чинни ишлаб чиқариш тажрибасининг юксак нуқтаси ҳисобланади.
Музейнинг ташкил этилишига асос бўлган омил — «Пион чинниси» санъатининг миллий даражадаги номоддий маданий мерос сифатида эътироф этилиши бўлди. Ушбу санъат тури қадимий Танг сулоласи оқ чиннилари ва минг йиллик пион гулининг гўзаллигини ўзида уйғунлаштирган ноёб йўналиш ҳисобланади.
Музейнинг асосий концепцияси — «Пион руҳи – чиннигулда баҳор давом этади». Бу тушунча нафислик, барқарорлик ва бадиийликнинг уйғунлашувини ифодалайди.
Музейда учта асосий экспозиция бўлими мавжуд:
Тарихий илдизлар бўлими – Танг давридаги Гонгхиан кулолларининг оқ чинни санъатидан бошлаб пион тасвири туширилган илк асарларгача бўлган жараёнлар акс эттирилган.
Ҳунармандчилик сирлар бўлими – бу ерда кулолчилик технологияси, глазурани тайёрлаш, пион тасвирини чиннига ўтказиш босқичлари жонли намойиш этилади.
Замонавий асарлар галереяси – замонавий усталар томонидан яратилган пион чиннилари: кўзалар, лаганлар, ҳайкаллар ва декоратив панеллар. Булар орасида энг машҳурлари — «Ёрқин баҳор», «Минг гулли вазо», «Тўхтамас баҳор» деб номланган экспонатлардир.
Бугунги кунда музей фондида 100 дан ортиқ нодир пион чинни асарлари мавжуд. Улар орасида тарихий реконструкциялар, замонавий услубдаги ижодий ишланмалар, ва халқаро мукофотларга сазовор бўлган намуналар ҳам бор.
Пион чинниси — бу оддий идиш эмас, бу уйғунлик ва нафислик фалсафаси. Пион гулининг табиатдаги қат-қат барглари глазурани чўктириш услубида акс эттирилади. Чинни сиртидаги порлоқ туслар — пушти, сутдай оқ, нафис мовий ранглар — баҳорнинг ранг-баранг руҳини мужассамлаштиради.
Бу санъат тури пион гули ҳеч қачон сўлмасин деган фалсафага асосланган. Яъни, чиннигул устида «мангуликка гуллаган пион»ни яратиш — бу Хитой санъатининг руҳидир.
Музейга ташриф буюрувчилар нафақат томоша қилишлари, балки интерактив тажриба орқали чуқурроқ тушунишлари ҳам мумкин. Шунингдек, ҚР-кодлар орқали экспонат ҳақидаги тафсилотларни олиш, 3Д-анимациялар орқали асар тарихини кўриш имконияти ҳам яратилган.
Лоянгдаги бу музей йилига 300 минг нафардан ортиқ сайёҳни қабул қилади. Айниқса, ҳар йили апрель ойида пион фестивали даврида ташриф буюрувчилар сони кескин ошади. Пион чинниси асарлари АҚШ, Япония, Франция, Жанубий Корея ҳатто Ўзбекистон кўргазмаларида ҳам намойиш этилган.
Нозимбек Мардонов, ХХР, Лоянг шаҳридан тайёрлади.



























