Томорқа нафақат даромад, бандлик манбаи

403

Томорқани даромад манбаига айлантирибгина қолмай, ишсиз аҳолини иш билан таъминлаб, яшаш шароитларини яхшилашга ҳисса қўшаётган юртдошларимиз сафи ортиб бораётгани жуда қувонарли.

Элликқалъа туманидаги «Думанқалъа» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи фуқаро А.Мадаминов ўзининг томорқасидан унумли фойдаланиб келмоқда.

У ўз еридан йилига 100 миллион сўмдан зиёд даромад топаётган фаол томорқа эгаларидан бири.

– 25 сотих ер майдонида мевали кўчатлар ва полиз экинларини парваришлаш орқали у нафақат ўз оиласининг фаровонлигини таъминлаб, балки қўшни маҳаллаларига ҳам иш ўрни яратиб бермоқда. Унинг сўзларига кўра, 2010 йилдан буён бу иш билан шуғулланиб келмоқда. Йилдан-йилга тажрибаси ва ҳосилдорликни оширишга эътибор қаратган, – деб маълумот беради туман ҳокимлиги Ахборот хизмати бўлими.

У 12 нафар ишсиз фуқарони иш билан таъминлаб, доимий ва мавсумий ишга жалб қилган.


– Ерни тизимли суғориш, органик ўғитлардан фойдаланиш ва кўчатларни тўғри парваришлаш орқали юқори самарадорликка эришганмиз. Келгусида фаолиятимизни янада кенгайтириш, замонавий иссиқхоналар қуриш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш йўналишларида ҳам иш бошлашни режалаштирмоқдамиз, – дейди у.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги