Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисининг мамлакатимизга расмий ташрифи доирасида 5 сентябрь куни Ўзбекистон ва Миср ишбилармон доираларининг бизнес-форуми бўлиб ўтди.
Унда икки мамлакатнинг иқтисодиёт, инвестиция, банк-молия, савдо-саноат, туризм, логистика, энергетика, электротехника, озиқ-овқат, кимё, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, енгил саноат, тўқимачилик каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, фирма ва компанияларининг вакиллари иштирок этди.
Форумда Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев, Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Лазиз Қудратов, Миср инвестиция ва халқаро ҳамкорлик вазири маслаҳатчиси Реда Бебарс ва бошқалар Ўзбекистон билан Миср ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун янги имкониятлар очилаётганини таъкидлади. Миср Араб Республикаси Президентининг Ўзбекистонга ташрифи ўзаро манфаатли шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ўзбекистон билан Миср ўртасида дипломатик муносабатлар 1992 йилда ўрнатилган. Инвестицияларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисида, Иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик тўғрисида, шунингдек, икки томонлама солиққа тортишнинг олдини олиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи ҳукуматлараро келишувлар савдо-иқтисодий муносабатларнинг асосини ташкил қилади.
Жорий йил август ойида ташқи савдо вазири Ж.Хўжаев бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг Мисрга ташрифи товар айирбошлаш ҳажмини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларни давом эттириш сари қадам бўлди. Унда сайёҳлик, қурилиш, фармацевтика, нефть-кимё саноати соҳаси вакиллари иштирокидаги қатор учрашув ва музокаралар ўтказилди.
Ишбилармон доираларнинг мазкур бизнес-форуми ушбу мулоқотнинг мантиқий давоми сифатида ташкил этилди.
Форум доирасида меҳмонларга мамлакатимизда ишлаб чиқаришни эркинлаштириш, эркин иқтисодий зоналарда инвесторлар учун яратилган қулайликлар ҳақида сўзлаб берилди. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, тақдим этилаётган имтиёзлар ҳақида муҳим маълумотлар берилди ҳамда мавжуд иқтисодий имкониятлар тақдимоти ўтказилди.
– Ўзбекистон табиий ресурсларга бой, мамлакатингизда саноатни ва ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар бажарилмоқда, – деди Африка экспорт-импорт банкининг Молия, маъмурий ва банк хизматлари бўйича вице-президенти Денис Деня (Миср). – Фаол инвестиция сиёсати ва ташқи савдони эркинлаштиришдаги саъй-ҳаракатлар бугун халқаро ташкилотлар томонидан муносиб эътироф этилмоқда. Банкимиз Миср ва Африканинг қатор давлатларида ўз хизматларини кўрсатиб келмоқда. Бугунги бизнес-форум доирасида инвестиция жалб қилиш, сармоядорларга ишончли ва кафолатли банк хизматларини кўрсатиш бўйича ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан музокара олиб бордик. Учрашув якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки билан 50 миллион АҚШ доллари миқдоридаги келишувга эришдик.
Бизнес мулоқотда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган электротехника, машинасозлик, металлургия, кимё ва нефть-кимё, озиқ-овқат, енгил саноат маҳсулотларини Мисрга экспорт қилиш имкониятлари муҳокама қилинди. Ўз навбатида, Мисрнинг юртимизга тиббиёт жиҳозлари, фармацевтика, тўқимачилик, рақамли хизматлар, қурилиш моллари, чарм-атторлик ва пластик маҳсулотларни Ўзбекистонга етказиб бериш имкониятлари юқори баҳоланди.
Тадбирда савдо-иқтисодий, банк-молия, электроника, фармацевтика маҳсулотлари экспорт-импортига оид қатор истиқболли шартномалар имзоланди.
Анжуман доирасида икки мамлакат тадбиркорларининг B2B форматдаги учрашуви ўтказилди. Музокара якуни бўйича қўшма инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда манфаатли шартномалар имзолашни назарда тутувчи фойдали келишувларга эришилди.