Ўқув юртидаги имкониятлар билан танишди

Ажиниёз номидаги НДПИ академик лицейида «Очиқ эшиклар куни» бўлиб ўтди. Унда республикамиздаги умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчилари иштирок этиб, лицейда таълим олиш учун яратилган шароитлар билан танишди.
Мажлислар залида бўлиб ўтган тадбирда лицей директори Қ.Халқоразов ўқув муассасасида таълим олиш, олий ўқув юртига мақсадли тайёрлаш, ўқувчиларни турар жой билан таъминлаш, уларнинг қобилиятларини юзага чиқариш ва бўш вақтларини мазмунли ўтказиш учун яратилган имкониятлар ҳақида маълумотлар бериб ўтди.





Тадбир иштирокчилари академик лицейнинг ўқув жараёни, спорт заллари, кутубхона, биология ва кимё фани лабораториялари, фан тўгараклари билан яқиндан танишди. Шунингдек, улар иштирокида «Заковат» интеллектуал ўйини ташкил этилди.
Ўқув юртида бугунги кунда 4 та йўналишда 560 нафар ўқувчи таълим-тарбия олмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 13 декабрдаги «Иқтидорли ёшларни саралаб олиш ва академик лицейлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида лицейда барча фанлар ўқув режаси асосида чуқурлаштириб ўтилади. Академик лицейда 65 нафар олий тоифали ўқитувчи ўқувчи-ёшларга билим сирларини ўргатиб келмоқда.
-Ўқув даргоҳимизда 43 нафар ўқитувчи миллий ва халқаро сертификатга эга. Жорий ўқув йилида ўн нафар ўқувчимиз муддатидан олдин талаба бўлишга муваффақ бўлди. Шунингдек, жорий ўқув йили давомида иқтидорли ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида «Академик лицей ифтихори» стипендияси таъсис этилиб, жорий ўқув йилида 20 нафар ўқувчи стипендия соҳибига айланди, – дейди академик лицей директори ўринбосари Г.Машарипова.
– Бу ердаги таълим ва тарбиянинг уйғун олиб борилиши натижасида кўплаб ютуқларга эришдим. Бунинг учун таълим берган устозларимдан миннатдорман, – дейди лицей ўқувчиси Нурали Ўрозбоев. Нуроний фанлар олимпиадасининг республика босқичи ғолиби, НДПИ стипендианти ҳамда кимё, биология, тарих, қорақалпоқ тили ва адабиёти фанлари бўйича миллий сертификатга эга бўлган иқтидорли ўқувчи.
– Ўқув даргоҳидаги яратилган имкониятларни кўриб шу ерда ўқийман деган қарорга келдим. Ота-онам ҳам шу лицейда таълим олишни хоҳлайди. Бу ердаги тартиб-интизом ва ўқувчиларнинг ютуқлари менинг қизиқишимни оширди, – дейди пойтахтимиздаги 31-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Г.Сарсенбаева.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги