Ҳамширалар беллашуви

180

Нукусда “Ҳамшира – 2025” кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди. Унда шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмаларидан 12 нафар ҳамшира ўз билимларини синовдан ўтказди.

Тадбир чилишида таъкидланганидек, танловни ўтказишдан мақсад, давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 11 сентябрдаги “Ўзбекистон – 2030”  стратегияси тўғрисида”ги фармонида белгиланган устувор вазифаларнинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш, халқ орасида ҳурматга сазовор бўлган ва ўз касбига фидойи ҳамшираларни қўллаб-қувватлаш, тиббиёт ходимларининг билимини оширишдан иборат.

Танловда энг юқори балл тўплаган Амударё туман тиббиёт бирлашмаси ҳамшираси Мафтуна Марксова биринчи, Чимбой тумани тиббиёт бирлашмаси ҳамшираси Меҳрибон Ўтебоева иккинчи, Республика кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳамшираси Юлдуз Жолдасбаева учинчи ўринни эгаллади.

Ғолиблар Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашининг биргаликдаги тегишли даражадаги дипломлари ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, барча иштирокчиларига Ўзбекистон Ҳамширалар ассоциацияси Қорақалпоғистон бўлими томонидан қимматбаҳо совғалар топширилди.

Танлов ғолибаси Мафтуна Марксова “Ҳамшира – 2025” танлови Ўзбекистон  Республикаси босқичига йўлланмани қўлга киритди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.