Дзюдо бўйича Ўзбекистон кубоги мусобақаси бошланди

150

Нукус шаҳридаги 1-сонли спорт мактабида дзюдо бўйича ёшлар ўртасида Ўзбекистон кубоги мусобақасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари Р.Сапарбаев сўзга чиқиб, барча иштирокчиларга омад тилади.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда юртимизда Президентимиз раҳбарлигида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга, ёшларни спортга кенг жалб этишга, Олимпия ва миллий спорт турларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.  Бу борада Ўзбекистон Республикаси дзюдо федерацияси томонидан кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

2022 йилда мамлакатимизда катталар ўртасида жаҳон чемпионати, ўтган йили ҳарбий хизматчилар ўртасида жаҳон биринчилиги муваффақиятли ўтказилди. Париж шаҳрида бўлиб ўтган ёзги Олимпия ўйинларида Диёра Келдиёрова Ўзбекистон тарихида илк бор дзюдо бўйича олтин медални қўлга киритди.

Мусобақада Тошкент шаҳри, вилоятлар ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидан 400 нафарга яқин спортчи иштирок этмоқда. Унда ўсмирлар 7 та, қизлар 7 та вазнда ғолиблик учун баҳс олиб боради. Ғолиб ва совриндорлар 20 апрель куни аниқланади.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири